Энди аниқ. Депутатлар комиссияси Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берди

204

Жогорку Кенеш депутатлари Бош прокурорнинг таклифини кўриб чиқиб, парламентдаги «Бутун Қирғизистон» фракцияси раҳбари Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берди. Бу ҳақда депутат Акбокон Таштанбеков журналистларга маълум қилди.

Парламент Бош прокурор тақдимномасини ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқди. Маълум қилинишича, 61 депутат ёқлаб, 17 нафари қарши овоз берган.

Депутат Гули Кожокулованинг сўзларига кўра, Мадумаров депутатлик мандатини сақлаб қолади ва фаолиятини давом эттиради.

«Уни фақат суд қарори билан сўроқ қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш мумкин», деди у Kaktus.media нашрига берган интервьюсида.

Бундан ташқари, депутатнинг сўзларига кўра, Мадумаров 2009 йилда қирғиз-тожик чегараси бўйича протокол имзолаганликда (у «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддаси ва Кампиробод иши бўйича («Ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишга тайёргарлик» ва «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик» моддалари бўйича) айбланмоқда.
«Комиссия пировардида жиноий иш очишга рухсат беришга қарор қилди, аммо Кампиробод бўйича жиноий иш қўзғатишдан бош тортди», деди у.

Мадумаров ўзи Kaktus.Media нашрига 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколга қўл қўйиш бўйича қўзғалган жиноят иши «перспектив эмас» деб билдирди.

«Албатта, сўроққа бориб, тергов билан ҳамкорлик қиламан. Терговчилар бу перспектив эмаслигини тушуниб туришибди. Аммо нима қилардик, бу буюртма. Буни кўзларидан ўқий оламан. Мен касбдошларимдан шундай қарорни кутганман», — деб билдирди халқ вакили.

Вақтли депутатлар комиссиясининг ёпиқ мажлиси бўлаётганда Оқ уй олдига Мадумаровнинг тарафдорлари йиғилишган.

Бунгача «Бутун Киргизстан» фракциясининг номи ёзилган фейсбук саҳифаси маълумот тарқатиб, депутатлар комиссияси таркибидаги саккиз халқ вакилидан олтитаси Мадумаровни жавобгарликка тортишни қўллаганини билдирган. Бироқ фракциядан уларнинг номидан тарқалган билдирув «фейк» эканини маълум қилишган.

21-июнда Мадумаровнинг ҳамкасби Дастан Бекешев уни даҳлсизликдан маҳрум қилиш тўғри эмаслигини айтган.

«Бундай қарор “у ерда” қабул қилингани ачинарли. Президентга ёки унинг атрофидагиларга хавф соладиган бирорта депутат йўқ. Хавфни кўп мақтаганлар ёки ер остида дами чиқмай ўтирган экстремистлар солади», — деди халқ вакили.

Парламентнинг 31-майдаги йиғинида спикер Нурланбек Шакиев депутат Адахан Мадумаровни жавобгарликка тортиш бўйича бош прокурордан таклиф тушганини билдирган.

Таклифда Мадумаровни жиноят кодексидаги 36-модда (жиноятга тайёргарлик кўриш), 278-моддасининг (оммавий тартибсизликлар) 1-банди, 326-модда (ҳукуматни куч билан босиб олиш), 338-моддасининг (Лавозимини суиистеъмол қилиш) 3-банди бўйича жавобгарликка тортиш учун рухсат сўралган.

Мадумаров ўзини жавобгарликка тортиш бўйича бош прокурорнинг таклифини «сиёсий иш» деб баҳолаган. Шунингдек, у жавобгарликка тортилишга тайёрмисиз деган саволга «сиёсатчи бўлгандан кейин охиригача боришга тайёр бўлиш керак» деб жавоб берган.