Жогорку Кенеш болаларнинг соғлиғига ёки ривожланишига зарар келтирувчи очиқ манбалардаги маълумотларни назорат қилишга йўналтирилган қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Бундай маълумотларни эълон қилиш учун жарима таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳасининг ташаббусчиси Жамиля Исаева.
Қонун лойиҳасида бундай маълумотларни эълон қилганларга жарима таклиф қилинган. Қонун лойиҳаси ҳозир амалдаги “ОАВ ҳақидаги” қонунга ва ҳуқуқ бузарликлар ҳақидаги кодексга тузатишлар киритади.
Болалар учун “зарарли” маълумотни эълон қилишни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси шу йилнинг мартида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Унда “вояга етмаганларга зарар қилган маълумотни тарқатиш учун” фуқароларга 2 мингдан 25 минг сомгача жарима солиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, оилавий қадриятларни бекор қилувчи, “урфдан ташқари жинсий муносабатни” пропагандалаган ва ота-онага ёки бошқа оила аъзоларини ҳурмат қилмасликни шакллантирган маълумотларни тарқатиш учун ҳам жарима кўрсатилган.
Исаева таклиф қилаётган тузатишларнинг бири ОАВ ҳақидаги қонунга тегишли. Бу қонунга болаларнинг соғлиғи, жисмонан, интеллектуал, руҳий ва ахлоқий ўсишига зарар қилувчи маълумотларни тарқатишни тақиқлаш қисмини қўшиш таклиф қилинмоқда.
Исаева яна қандай маълумотлар учун жарима солишни таклиф қилмоқда?
- болаларни ўз жонига қасд қилишга ёки соғлигига, ҳаётига зарар келтирувчи ҳаракатларга туртки бўлган маълумотлар;
- болаларни гиёҳванд модда, психотроп ёки фалаж қилувчи моддалардан фойдаланиш, тамаки чекиш, шароб ичиш ва қимор ўйинларига қатнашиш, фоҳишалик ёки тиланчилик қилиш истагини пайдо қилувчи маълумотлар;
- зўравонлик ёки ваҳшийликни ёқлаган, одамларга ёки жониворларга зўравонлик қилишга туртки берган маълумотлар;
- оилавий қадриятларни йўқ қилган, урфдан ташқари жинсий муносабатларни пропагандалаган ва ота-онага ёки бошқа оила аъзоларини ҳурмат қилмасликни шакллантирган маълумотлар;
- ноқонуний ҳаракатларни ёқлаган маълумотлар;
- уят сўзлар бўлган маълумотлар;
- порнография маъносидаги маълумотлар бўлган хабарлар.
Бундан ташқари, бунгача парламент қўмитаси йиғинида Исаева ота-оналар болалари уйда нима кўраётганига жавобгар бўлишади деб билдирган. Шунингдек, агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, вазирлар маҳкамаси томонидан қоида ишлаб чиқилишини, унда ҳар бир вазирликнинг функционал вазифалари аниқ ёзилишини айтган.
“Масалан, Маданият вазирлигига экспертлар гуруҳи киритилади. Улар ёпиш таклиф қилинган [ресурслар] рўйхатини Рақамлаштиришни ривожлантириш вазирлигига беради”, — деган Исаева.
Шунингдек, Исаеванинг айтишича, ҳозирда болаларнинг SIM-карталарини рўйхатга олиб, уларни ота-оналарига боғлаш қарори ҳам кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.