Ўш: Мэрия «ноқонуний» сотган 20 млн сомлик ер қайтарилди

111
Ўш шаҳар мэрияси. Сурат: “Турмуш” нашри

Ўш шаҳар мэрияси жисмоний шахсга “ноқонуний” сотиб юборган 20 млн 200 минг сомлик ер давлатга қайтарилди. Бу ҳақда 20 июнда бош прокуратура билдирди.

Маълумотга кўра, мэрия 404 кв метр ерни ким ошди савдоси ўтказмай ноқонуний сотиб, шу асосида хусусий мулк ҳуқуқи ҳақидаги маълумотнома берилгани аниқланган.

Ўш шаҳар прокуратурасининг суд идораларига берган аризалари қаноатлантирилиб, бу ер муниципал мулкка қайтарилди.

Бош прокуратурадан “Клооп”га 21 июнда бу иш бўйича мериянинг тегишли ходимлари 2012 йили жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлашди.

29 мартда Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани Қизил-Туу қишлоқ ҳукуматининг собиқ бошчиси Мирланбек Калмаматов 6 гектар ерни пул учун жисмоний шахсга ноқонуний бергани аниқланган. Ҳозирда текширув ишлари бормоқда.