Фракция лидери Бактибек Сидиков ЛГБТ ҳақида гапиришни истамайди, аммо нимагадир гапирмоқда

150

“Ата-Журт Қирғизистон” парламент фракциясининг лидери Бактибек Сидиков Kaktus.media'га берган интервьюсида Қирғизистондаги ЛГБТ-жамоатчилигига нисбатан муносабати ҳақида айтди.

Сидиков “ноодатий муносабатларни” тўғри қабул қилмаслигини ва бу ҳақда сўз бўлганда “кўнгли айланишини” айтди. Аммо у журналист берган саволларга жавоб беришни давом эттирди.

“Бир вақтлар VI чақирилишнинг [депутати] Тазабек Икрамов “гомосексуализм” деган сўзни айтолмаган. Мен шу сўзни айтолсам ҳам айтгим келмайди. ЛГБТ-[жамияти] мен учун бегона нарса. Керак бўлса бу мавзуни кўтаргим ҳам келмайди. Аслида, мен бу мавзуни ҳеч ким билан муҳокама қилишга тайёрмасман, муҳокама қилмайман. Мен бизнинг анъанавий, Худо берган муносабатининг тарафдориман. Эркак-аёл, аёл-эркак дегандай. Бундан яхши нарса йўқ”, — деди у.

Депутат эркак билан эркакнинг ёки аёл билан аёлнинг иттифоқини ҳаёлимга ҳм келтиролмаслигини қўшимча қилди.

“Ундан кўра шундай одатларни, шундай одамларни эъзозлаган жойда яшайверишсин, ўша ерда қўллайверишсин, аммо бу ерда эмас, менинг юртимда эмас. Мен болаларим нормал жамиятда вояга етиб, болаларимиз анъанавий муносабатларда, тўғри йўлда мусулмон бўлишини истайман”, — деб билдирди Сидиков.

Бактибек Сидиков Жогорку Кенешда Қирғизистондаги ЛГБТ-жамоатчилигига қарши бўлган ягона депутат эмас. Бунгача депутат Жамиля Исаева “болаларга зарар қилувчи маълумот тарқатиш учун” жарима солишни таклиф қилган қонун лойиҳасини кўтарган.

Исаева бу қонунга оилавий қадриятларни йўқ қилувчи, “урфдан ташқари жинсий муносабатларни” тарғиб қилган ва ота-онасига ёки бошқа оила аъзоларини ҳурмат қилмасликни шакллантирган маълумотларни киритишни таклиф қилган.

Бундан ташқари, бунгача вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов ОИВ/ОИТСга қарши курашиш бўйича Координация қўмитасини тарқатиб юборган. Бу қарорни у депутат Жилдиз Садирбаеванинг танқидидан кейин қабул қилган.

Садирбаевани Глобал фонддан грант олиш аризаси, аниқроғи унда ЛГБТ-жамоатчилигининг вакилларига ОИВ ва ОИТСга қарши курашда ёрдам бериш экани норози қилган.