«Кумтор»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси Тенгиз Болтурукнинг ўғли қўлга олингани маълум қилинди. бу ҳақда 12-июнда бир неча маҳаллий нашрлар куч тизимларидаги манбаларига таяниб ёзишди.
Бунгача Чуй вилоят милициясидан 10-июнда «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириш ёки йўқ қилишда» гумонлаб, 35 ёшли Тенгиз ўғли Алмаз қўлга олинганини билдирган.
Маълумотга кўра, гумонланувчи устидан фирманинг раҳбари шикоят қилган. Бу ерда назоратчи бўлиб ишлаган Тенгиз ўғли фирмадан 273 325 минг сомлик товар олиб, кейин пулини қайтармай, яшириниб юрганини айтган.
Аламудун туман милицияси ходимлари гумондорни қўлга олиб, вақтинча сақлаш жойига киритган.
«Акчабар» нашри ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидаги манбаларига таяниб, Тенгиз ўғли Алмаз «Кумтор» ишхонасининг собиқ бошқарувчиси Тенгиз Болтурукнинг биринчи аёлидан бўлган ўғли эканини ёзди.
Чуй вилоят милициясидан «Клооп»га бу бўйича тергов иши бораётганини айтиб, бироқ гумондорни Тенгиз Болтурукга алоқаси бор-йўқлигини айтолмаслигини таъкидлашди.
Болтурук ким?
Тенгиз Болтурук «Кумтор Голд Компанини» 2021 йилнинг 17-майидан бошлаб бошқарган — мана шу куни ҳукумат конга ташқи бошқарувчи киритган.
2022 йилнинг 24-августида Болтурук «Кумтор»нинг ташқи бошқарувчиси хизматидан четлатилган. Бунгача Ҳисоб палатаси коннинг ишида моддий қонунбузарликларни аниқлаган.
Бир ойдан кейин бош прокуратура «Кумтор Голд Компани»нинг ишини текшириш натижасида уч жиноий иш қўзғаган. Компания давлатга 1 млрд долларга яқин зарар келтиргани айтилган.
Ўша куни кечда прокуратура Тенгиз Болтурук билан раҳбариятнинг икки вакилини қўлга олган. Болтурук ўзига қарши қўзғалган жиноий ишни «абсурд» деб атаб, қўл остидагиларнинг ҳаммаси учун жавоб беролмаслигини билдирган.
Шу йилнинг 27-февралида Тенгиз Болтурук ишхонадаги коррупцияни бартараф қилолмагани учун президент Садир Жапаровдан кечирим сўраб, шафқат қилишни сўраб хат ёзган. 30-апрелда Болтурук уй қамоғига чиққан.