Жапаров: Яқин орада сомнинг банкнотлари республика ичида босиб чиқарила бошлайди

148

Яқин орада Қирғизистон миллий валюта банкнотларини республика ичида чиқара бошлайди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров сом киритилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда билдирди.

Унинг айтишича, бу борада «тегишли ишлар олиб борилиб, керакли техника» олинган.

«Биз буни албатта ишга туширамиз», — деб қўшимча қилди у.

Шунингдек, президент миллий валютани муомалага киритиш Қирғизистон учун «иқтисодий ислоҳотларга имкон» берганини таъкидлади. У «Вазирлар маҳкамаси билан миллий банк биргаликда олиб борган сиёсат натижасида макроиқтисодий стабиллик ва бюджет барқарорлиги таъминланаётганини» билдирди.

Қирғизистон — собиқ СССР давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб ўз миллий валютасини муомалага киритган давлат.

2023 йили қирғиз соми 30 йиллик юбилейини нишонламоқда. 1993 йилнинг 10 майида Қирғизистон миллий банки ўлканинг биринчи миллий валютасини муомалага киритган.

Ҳозирда сом Францияда ва Мальтада чиқарилади.