Бишкекнинг жанубий қисмида тунги вақтда сув таъминоти вақтинча тўхтатилади

138

«Бишкексууканал» ишхонаси 6 июнда шаҳарнинг жанубий қисмига чучук сув беришни тўхтатишга мажбур бўлаётганини билдирди. Муниципал ишхона бу қарорини Бишкекда «сув таъминотида қийинчиликлар юзага келаётгани» билан изоҳлади.

«Бу пойтахтни доимий сув билан таъминлаш учун сув ҳавзаларини тўлдириш зарур бўлгани сабабли ноиложликдан қилинган чора. Шаҳарнинг жанубий қисмидаги кичик туманларда юқори қаватдаги хонадонларга, шунингдек, «Интимоқ» ва «Ала-Арча» участкаларига тоза сув бериш соат 23:00дан тонгги 06:00га қадар тўхтатилади.

Чекловлар соғлиқни сақлаш ва бошқа стратегик аҳамиятга эга объектларга, жумладан, Бишкек жанубидаги давлат резиденциясига тааллуқли эмас.

Бишкекда кун исий бошлаганидан бери тоза сув таъминотида муаммолар пайдо бўла бошлаган. Сув танқислиги айниқса, шаҳарнинг жанубий қисмида сезилмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги сув таъминотидаги муаммоларни унинг истеъмоли ва абонентлар сонининг кўпайиши, сувдан самарасиз фойдаланилаётгани, Аламудун ва Ала-Арча дарёларида сув миқдорининг пастлиги билан изоҳламоқда.

Шаҳарда сув танқислиги сабабли шаҳар ҳокимияти сувни кўп истеъмол қиладиган шахсий ҳаммом, автоювиш ва бассейнларни вақтинча ёпиб қўйган.

Шунингдек, ҳукумат фуқароларни тоза сувдан тежаб фойдаланишга чақирган. Уларнинг маълумотларига кўра, шаҳарда абонентларнинг сони йилдан-йилга ўсган ва айни пайтда уларнинг сони 270 минг 300 нафарга етган. Ўтган йилга нисбатан ўсиш 7 фоизни ташкил қилган.

Бишкекнинг уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича вице-мэри Жургалбек Шамиралиев 5 июнда шаҳардаги сув билан боғлиқ вазият бир ой ичида барқарорлашишини билдирган.