«Оғир жиноятда гумон қилинмоқда». ИИВ вақтинчалик сақлаш жойидан қочиб кетган шахсни қидирмоқда

115

Ички ишлар вазирлиги 5 июнга ўтар кечаси Иссиқ-Ота туманидаги вақтинчалик сақлаш жойидан 29 ёшли Кушубек Сабиров исмли айбланувчи қочиб кетганини хабар қилди. Ҳозирда милиция ходимлари уни қидирмоқда.

Маълумотга кўра, гумонланувчи Иссиқкўлнинг Балиқчи шаҳрида яшовчи шахсдир. У «Қотиллик», «Одам ўғирлаш», «Ўғрилик» ва «Ноқонуний эркинлигидан ажратиш» моддалари бўйича айбланаётган ва аввалроқ ҳам судланган.

Қидирувдаги Кушубек Сабиров. Сурат: Ички ишлар вазирлиги

«Гумонланувчи саломатлиги яхши эмаслигини айтиб, сержантдан ёрдам сўраган. Уни тергов изоляторидан бошқа хонага олиб кирганда Сабиров юраги оғриётганини айтиб, дори беришни илтимос қилган. Милиционер дори олиб келгач, гумонланувчи унинг бўйнига пичоқ тақаб, ерга йиқитган, қўлига темир кишан солган, оёқларини матрас бўлаги билан боғлаб, оғзига латта тиқиб қочиб кетган», — дейилади ИИВдан.

Милиция ходимлари воқеа бўлган ердан пичоқ, матрас бўлаги, қўл кишан ва бинонинг ташқарисидан эса уяли телефон топишган. Мазкур ҳолат юзасидан Иссиқ-Ота туман милицияси «Озодликдан маҳрум қилиш ёки қамоқда сақлаш жойларидан қочиш» моддаси бўйича иш қўзғади.

Ички ишлар вазирлиги ҳудудий ички ишлар бошқармаларига ва чегарачиларга тегишли кўрсатмалар берди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги гумонланувчини кўрган ёки билганлар бўлса, милицияга хабар беришни сўраган.

Муаллиф: Бурулсун Жумалиева