Ниязалиеванинг штабида ишлаб, «овоз сотиб олишда» гумонланган киши уй қамоғига чиқди

Бишкекнинг Свердлов туман суди Дамира Ниязалиеванинг штабида ишлаган икки кишини 29 майгача уй қамоғига чиқарди. Бунгача улар «Овоз сотиб олиш» моддаси билан қўзғалган жиноий иш асосида қўлга олинган.

Маълумотга кўра, бу қарорни 31 майда туман суди шаҳар милицияда ишлаган терговчиларнинг илтимоси билан чиқарган.

28 майда Бишкекдаги бир мандатли №26 Ленин сайлов округида муддатидан олдин депутатлик сайлови ўтган. Овоз беришнинг дастлабки натижаси бўйича Дамира Ниязалиева 35,83% овозга эга бўлиб олдинга чиққан.

Ниязалиеванинг устидан 29 майда «Овоз сотиб олиш» бўйича иш қўзғалган. Унинг штаби тинтув қилиниб, муҳрлаб ёпилган. Бунгача интернетда тарқалган аудио асос бўлгани маълум қилинган.

Ниязалиеванинг ташвиқотчиларидан бири телефонда гаплашди, деган аудио ёзув 29 майда тарқаган. Унда овоз сотиб олиш ҳақида сўз бўлган. Аммо Ниязалиева аудиони монтаж деб атаб, буни «рақибларининг овозларни бекор қилиш ҳаракати» деб баҳолаган.

Дамира Ниязалиева ким?

Дамира Ниязалиева 2007-2010 йиллари Жогорку Кенеш депутати бўлган. 2010 йилдаги апрель инқилобидан кейин муваққат ҳукумат даврида Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарган. Ўша йили у КСДП партиясидан парламентга депутат бўлган.

2014-2016 йиллари Алмазбек Атамбаев ҳукуматни бошқарганда Ниязалиева вице-премьер-министр лавозимида ишлаган. 2021 йилги парламент сайловида Ниязалиева №32 Кочкор бир мандатли сайлов округидан номзод бўлган, бироқ етарли овоз ололмаган.