2 июнда Чолпон-Ата шаҳрида ўтаётган «Европа иттифоқи — Марказий Осиё» саммитида президент Садир Жапаров ҳамкасби Эмомали Рахмон билан учрашди.
Жапаровнинг матбуот хизмати давлат раҳбарлари учрашувда қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратишганини билдирди.
«Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги давлат чегарасининг лойиҳали линиясини келишиш бўйича ҳозирда эришилган натижадан қаноатланганини билдиришди. Жапаров билан Рахмон сўзлашувларни самарали давом эттиришни ва ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида ўзаро натижали қарорлар излашни маъқуллашди», — дейилади маълумотда.
Жапаров билан Рахмон «икки давлат ўртасидаги дўстлик ва иноқ қўшничилик алоқаларини сақлаш муҳимлигини таъкидлаб, барча юзага келган масалаларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш муҳимлигини» билдиришди.
Тожикистон президентининг матбуот хизмати давлатлар сўнгги 1,5 йилда чегаранинг 102 чақиримини аниқлашга эришганини билдирди. Уларнинг маълумотига кўра, биргаликдаги чегаранинг 972 чақиримини бугунги кунда 626 чақиримга яқини келишилган.
Рахмон Қирғизистонга «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммитига қатнашиш учун келди. Саммит 2-3 июнь кунлари Иссиқкўлнинг Чолпон-Ата шаҳрида ўтади.
Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара чизиқлари аниқланмагани сабаб чегарага яқин қишлоқларда — ер, сув ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишга боғлиқ можаролар тез-тез содир бўлади.
Қирғиз-тожик чегарасидаги энг охирги катта тўқнашув 2022 йилнинг 14-17 сентябрида Боткен вилоятида бўлган. Қирғизистоннинг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишув натижасида қирғиз томондан камида 63 киши қурбон бўлиб, 206 одам жабрланган.
Тожик ҳукумати тўқнашувда 41 тожик фуқароси ҳалок бўлиб, 20дан ортиқ одам жабрланганини айтган.
Икки томон ҳам ҳарбий агрессияда бир-бирини айбламоқда. Сентябрдаги чегара можаросидан кейин икки президент ҳам алоқа қилмаган.