Ўш: Қотиллик қурбони бўлган тадбиркорнинг яқинлари суд ва прокуратурадан норози бўлишмоқда

174

Ўш шаҳрининг Ак-Тилек кичик туманида қотиллик қурбони бўлган хусусий тадбиркор Курсант Исмаиловнинг яқинлари гумондор уч йилга судланиши мумкинлигини айтиб норозилик билдиришди. Улар ҳуқуқни-тартибот идоралари айбланувчининг манфаатини ҳимоя қилмоқда деб шикоят қилишди.

Гумондорнинг адвокати жабрланувчи томоннинг даъволарини инкор қилиб, айбдор ўзини ҳимоя қилиш мақсадида одам ўлдириб қўйганини, бунга «вафот этган одам уни аёвсиз калтаклагани сабаб бўлган» деди.

Нима бўлди?

Тадбиркор Курсант Исмаилов 2022 йили 12 августда ўз уйида пичоқланиб вафот этган. Жиноятда гумонланиб олдин ўзи бирга ишлаган таниши қўлга олинган. Исмаиловнинг аёли Кализа Садикова «Т-Медиа» телеканалига интервью бериб, воқеа унинг кўз олдида бўлганини айтди.

«Уйга кириб чой қўйдим, бошқа [ишларни] қилдим. Иккиси озгина нари-бери бўлиб, мен чиққанда муштлашаётган экан. Қўшниларим гувоҳ. Пичоғини тайёрлаб борган экан, ўша ерда бизнинг кўз олдимизда пичоқлаб қўйди. Суд тугамайди. Бу ерда прокурорлар, судья бир томонлама қараб, одам ўлдирган кишининг манфаатига, пулга алданиб бир томонлама қарор чиқаришмоқда», — деб билдирди Сидикова.

Воқеани текширув ишлари давом этмоқда. Жабрланувчи томоннинг адвокати Жигит Толкунбек ўғли гумондорга энг енгил — «Аффект ҳолатида одам ўлдириш» моддаси асосида жаримага тортилаётганини, аммо жиноят қилган айбланувчининг ақли жойида эканини суд-тиббий экспертиза исботлаганини таъкидлади.

Адвокатнинг айтишича, Ўш шаҳар прокуратураси гумондорга нисбатан «адвокат вазифасини бажармоқда».

«Гумондорни оқлаб, ўзгача оғир жиноятни “унча оғир бўлмаган” қатори сифатлаб, “аффект ҳолатида қилинган” деб жиноятнинг хавфини камайтиришмоқда. [...] Бу модда бўйича айбланувчи уч йилгача жазога тортилиши мумкин. Экспертизанинг охирги хулосасига кўра, гумондор “аффект ҳолатида бўлмаган”», — деди адвокат.

Марҳумнинг яқинлари прокурорлар ва судларни ишдан кетишини талаб қилган плакатларни ушлаб, Ўш шаҳар прокуратураси биносидан Ўш шаҳар суди томон пиёда юришган.

Жабрланувчи томоннинг адвокати Толкунбек ўғли жиноий иш яна прокуратурага қайтиб, бошқа модда қўйилиши керак деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, бунгача судга шундай илтимос берилганига қарамай шаҳар судининг судьяси Салтанат Есенкулова илтимосни инкор қилган.

«Аффект билан маст ҳолни бир-бири билан солиштириб бўлмайди. Сабаби соғ одамгина аффект бўлиб, ғазабланиб қилиши мумкин. Бу илмий турда тасдиқланган факт. Шу далилларга асосланиб, мен жабрланувчи томоннинг адвокати қатори жиноят ишини прокуратурага қайтариш ҳақида судга илтимоснома бердим, аммо прокуратура менинг илтимосимни қўлламади. Улар ўзлари шундай илтимос беришга мажбур эди», — деб билдирди Толкунбек ўғли.

Вафот этган фуқаронинг яқинлари жиноят ишини тергов қилган прокурорларни ишдан бўшатишни, қонун доирасида қарор чиқаришни сўраб давлат раҳбари Садир Жапаровга ва МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилишди.