Бир кадр билан: Эмомали Рахмон Қирғизистонга келди

Тожикистон президенти Имомали Рахмон Чўлпон-Ота шаҳрига келди. Уни «Иссиқкўл» халқаро аэропортидан Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров кутиб олди.

Эмомали Рахмон ва Акилбек Жапаров. Сурат: Ҳукумат матбуот хизмати

Тожикистон ОАВларининг Тожикистон президенти матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беришича, саммит доирасида Рахмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки томонлама учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Рахмон Қирғизистонга «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммитида иштирок этиш учун келган. Саммит 2-3 июнь кунлари Иссиқкўлнинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтади.

Саммитга Рахмондан ташқари Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев, Ўзбекистон президенти — Шавкат Мирзиёев, шунингдек Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмухаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.

Саммитда давлат раҳбарлари билан Европа Кенгаши раҳбари икки минтақа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва келажакдаги режаларини, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг ўзаро ҳамкорлигини муҳокама қиладилар.

Рахмон Қирғизистонга охирги марта 2022 йилнинг июлида расмий ташриф билан келган. Унда ҳам Жапаров ва Рахмон ўртасидаги учрашув Чўлпон-Отада бўлиб ўтган, қирғиз-тожик икки томонлама масалалар муҳокама қилинган.

Бироқ 2022 йил сентябридаги Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара можаросидан сўнг иккала президент ҳам деярли алоқа ўрнатмаган. Ҳар икки томон бир-бирини агрессияда айблаган, шунингдек икки давлат Коллектив хавфсизлик ташкилотига аъзо бўлишига қарамай, Москва воситачилик қила олмади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можародан кейин қирғизистонликларни Тожикистонга бормай туришликка бир неча бор чақирган.