Фарзандларини озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлайдиган қирғизистонлик ёлғиз аёл неча соат ишлаши керак?

248
Иллюстрация: Вера Андрианова махсус «Клооп» үчүн

Ҳар йили Қирғизистонда ҳар тўртта янги оилага битта ажралиш тўғри келади. Аксарият ҳолларда болалар оналари билан қоладилар, шундай бўлгани билан оталар ҳар доим ҳам алимент тўламайдилар. Бундан ташқари, агар у тўланган бўлса ҳам, болани алимент билан таъминлаш мумкин эмас. Ўртача ёлғиз она ўз фарзандларининг асосий эҳтиёжларини таъминлаш учун қанча меҳнат қилиши керак? Рақамлар билан кўрсатиб берамиз.

Ёлғиз оналар маошининг катта қисмини фарзандлари учун сарфлайди

Бишкекдаги университетлардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган 41 ёшли Нурқиз (исми ўзгартирилган) тўрт йилдан бери уч нафар фарзандини ёлғиз боқиб, тарбиялаб келмоқда. «Эрим бошқа оила қурибди, ажрашишга тўғри келди, кенжа қизимни олиб, қариндошларимникига кетдим. Янги турмуш ўртоғини уйга олиб келишдан олдин, эрим иккита ўғлимни ҳам ўзимга етказиб берди», — дейди Нурқиз.

Ажрашганидан кейин унинг собиқ эри алимент тўлашдан бош тортган. Нурқиз узоқ вақт болалари билан қариндошларининг уйида тура олмасди. Шунинг учун у болалари билан янги уйини қуриб битирган.

«Албатта қийналдим, ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ, бу руҳий жиҳатдан ҳам оғир бўлди. Катта болаларим 13-15 ёшда бўлган, ўзлари ғишт ташиб, хоналарнинг пол ва деворларини ўзлари суваб чиқишди, қурувчиларга тўлашга пулимиз йўқлиги учун ўзимиз эшик-деразаларни ўрнатдик. Қолаверса, биз ҳаммамиз нафратдан қийналиб юрган эдик. Севимли турмуш ўртоғим, отамиз бизни ташлаб кетди», — деб эслади Нурқиз.

Ҳозирда катта қизи университетда таҳсил олади. Унинг йиллик ўқиш тўлови 5000 еврони ташкил қилади. Нурқиз иккинчи фарзандини IT курсига берган, ойига 1400 сомга яқин пул тўлайди, бундан ташқари олий ўқув юртига ўқишга кириш учун тайёрлов курсларига қатнайди – бу бўлса ойига 4500 сом.

«Кенжа қизим энг тежамкори, — кулади Нурқиз. - У оддий давлат мактабида ўқийди. Авваллари яхши жойда ишлардим, тўғрисини айтсам, ўша пайтда йиғган пулимга кун кечирамиз. Ҳаммаси бўлиб ҳар ойда ўртача 30 000 сом сарфлаймиз [болалар таълимига сарфланган пулдан ташқари], лекин ҳозир унчалик пул топмайман».

Ҳозирда аёлнинг маоши бор-йўғи 13 минг сом, бироқ у тез орада бошқа ишга жойлашишни режалаштирмоқда – янги иш жойида унга 40 минг сом маош ваъда қилишган. Аммо бу ҳам оиланинг эҳтиёжларига етмайди.

Миллий статистика қўмитасининг ҳисоб-китобларига кўра, Қирғизистонда болалар учун яшаш минимуми 5000 сомдан 7000 сомгача. Етти ёшгача бўлган боланинг энг кам таъминоти учун ойига 5430 сом, ўсмир учун эса 6914 сомни ташкил қилади.

Айни пайтда Қирғизистонда аёллар ўртача ойлик 25 минг атрофида маош олади, бу эркаклар даромадидан тўртдан бир марта оз. Бундан ташқари, аёллар ишдан кўра балки оилага кўпроқ эътибор қаратишлари керак деган стереотиплар туфайли уларнинг ривожланишидаги тўсиқларга дуч келишади.

Мамлакатда аёллар ўртача ҳисобда 3 фарзандни дунёга келтиради. Шу сабабли, ёлғиз оналар фарзандларининг минимал эҳтиёжларини қондириш учун ўртача иш ҳақининг катта қисмини сарфлашлари керак бўлади.

Агар оила Бишкекда квартирада яшаса, масалан, бир хонали квартирани 27 минг сомга ижарага олса, аёл кунига 17 соат ишлашга мажбур бўлади! Ишга бориш ва уй юмушларини бажариш учун кетадиган вақтни ҳисобга олмаганда ҳам, аёллар одатдагидан 8 соат ухлаб дам ололмайдилар.

33 ёшли Акмарал (исми ўзгартирилган) икки ёшли қизчанинг онаси. Қизи туғилгунга қадар хориждаги университетда илмий ходим бўлиб ишлаб, ойига 50-60 минг сом даромад топган. Бола туғилган йили у барча жамғарган пулларини сарфлаган. Тахминан 4000 доллар бола туғиш учун, болага аравача, каравот, кийим-кечак ва тиббий хизматлар учун сарфланган.

«Қизим туғилгандан кейин 8-9 минг сом ишлаб топиш имкони бўлди. Мен бола билан ёлғиз эдим ва тўлиқ жадвал билан иш топиш жуда қийин бўлди. Кичкина фарзандим борлигини, уни ёлғиз ўзим боқиб юрганимни билиб, иш берувчилар рози бўлмай қўйди», – дейди Акмарал.

Кейинроқ Миллий фанлар академияси қошидаги институтлардан бирига ўрнашиб, 8 минг сом маош олишга рози бўлади. Институтда Акмаралга мослашувчан жадвал таклиф қилишган. Бундан ташқари, у таржималарга, матн иши ва тадқиқотларга буюртма олган. Шу тариқа унинг даромади 25 минг сомгача кўтарилган.

«[Собиқ эрим] молиявий ёрдам бермайман, деб айтган. Бизникига келиб-кетарди, болани меники деб тан олган. Менинг энг катта хатойим болага унинг фамилиясини бериб, отаси сифатида ёздирганим. Кейинроқ биз жанжаллашиб қолдик ва у бошқа давлатга кетди», - дейди Акмарал.

Боланинг отаси чет элда бўлгани учун Акмарал алимент ундира олмаган. Оила эса пулга муҳтож эди – Акмаралнинг қизи ойига 15 минг сом тўланадиган хусусий боғчага бора бошлаган. Навбат кўплигидан қизини давлат боғчасига бера олмаган.

Ниҳоят, Акмарал Европа давлатларидан биридаги ўқув юртларида ўқиш учун грант ютиб олган. Бироқ қизнинг отаси ўзи чет элда яшагани билан, қизининг Қирғизистондан чиқиб кетишига рухсат бермаган. Қизи билан хорижга ўқишга кетиш учун Акмарал суд орқали собиқ турмуш ўртоғини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилган.

Алименттўлаганлар борми?

Қирғизистонда ҳар тўрт никоҳга битта ажралиш тўғри келади. Ажралишдан кейин болалар кўпинча онаси ёки ака-укалари билан қоладилар. Агар ота-оналар алимент миқдори бўйича келиша олмаган ҳолатларда, суд ота-онанинг расмий даромадларига яраша тўловлар миқдорини белгилайди.

Шу билан бирга, бир болага нисбатан алиментнинг энг кам миқдори бир энг кам ойликдан оз бўлмаслиги керак (2337 сом), икки болага бир ярим энг кам ойлик, уч ёки ундан ортиқ болага икки энг кам ойликдан кам бўлмаслиги керак. Бу талаблар Оила кодексида белгиланган.

Cabar.Asia агентлиги маълумотига кўра, 2020 йилда Қирғизистонда оталар 92 фоиз ҳолларда, оналар бор-йўғи 8 фоиз ҳолларда алимент тўламаган.

2021 йилда Жиноят кодексида фарзандларига ғамхўрлик қилишдан қочган ота-оналарга нисбатан жазо белгиланган. Энди алимент тўламаганлик учун 20 минг сомдан 50 минг сомгача жарима солинади, жамоат ёки ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинади.

Нурқизнинг сўзларига кўра, ажрашгандан сўнг дастлабки йилларда турмуш ўртоғи ва унинг қариндошлари фарзандларига моддий деярлик ёрдам кўрсатмаган: «Болалар мактабдан кейин отасига ва бувисиникига яшириниб бориб келган. Пул ҳам сўрашар экан – баъзида 50-200 сом беришган бўлса керак. Катта қизимга – ҳозир у талаба – ўқув йилига 70 минг сомга яқин пул беришди. Баъзида кичкинтойларни олиб кетиб, кийим-кечак олиб беришади», – дейди Нурқиз.

У суд орқали собиқ эридан алимент ундиришни бошлаган. «Суд эримни бизга учта фарзанд учун ойига 3000 сомдан тўлаб турсин, деб қарор чиқарган! Турмуш ўртоғимнинг жудаям жаҳли чиқиб, мени алиментдан воз кечмасанг уйингни тортиб оламан, деб қўрқитган. Чунки биз турмуш қурганимизда [уй қурган ерни] сотиб олганмиз», – деди аёл. Бундай тазйиқларга дуч келган Нурқиз ўзининг талабларини рад этган.

Акмарал болани боқиш учун қонунда белгиланган алимент ҳам етмайди, деб тушунтирди. «Болага кетган чиқим озиқ-овқат ва ўйинчоқ деб тушунмаслигимиз керак. Бу мактабгача таълим, ана шу сифатни ривожлантирувчи тўгараклар, яхши мактаб ва курслар, ниҳоят, катта ўқув юртларига топшириш», – дейди Акмарал.

Аммо отанинг бурчи фақат алимент тўлаш билан чекланмайди, дейди у: «Бошқа мамлакатларда ота-онанинг бурчи бўлингани каби ота бола тарбиясида иштирок этиши керак, болага келиб овқат пишириб, боқиб, бола билан сайр қилиб, уни ўстириши керак».

Муаллиф: Айсимбат Токоева