Ўш: Турғунлар 2 яшар бола оқиб кетган канал четига тўсиқ ўрнатишни талаб қилишмоқда

103

27 майда Ўш шаҳрининг Манас-Ата кичик туманидаги «Сайип» каналига икки ёшли бола оқиб кетган. Бу воқеадан кейин турғунлар каналнинг очиқ турган 300 метрга яқин қисмига тез орада тўсиқ қуришни талаб қилишмоқда.

Бу канални назорат қилган Ак-Суу сув хўжалигидан канални таъмирлашга ишхонанинг имкони йўқлигини, таъмирлаш ишларига давлат ғазнасидан маблағ ажратишни келаси йилга ваъда қилишганини айтишди.

Нима бўлди?

Каналга тўсиқ қуриш талаби билан йиғилган 20га яқин турғун билан 30 майда Манас-Ата ҳудудий бошқармасининг бошчиси учрашди. Норозилик билдирган турғунларнинг бири Уларкан Абдиллабекова «Т-Медиа» телеканалига интервью бериб, каналнинг ёнидан ўтаётганда қўрқишини айтди.

«Тўрт болам бор, улар бир чиққанда бирини коляскага солсам, учтаси бўш юради. Бу ерга доим келиб, “сувга оқяпти” деб қарашади. Сув доим кўп бўлади, шарқираб оқиб туришидан қўрқаман. Кейин “болалар қаровсиз қоляпти” деган сабаб эмас деб ўйлайман, тўсилиши керак», — дейди Абдиллабекова.

Шундай фикрни маҳаллий турғун Камила Дуйшеева ҳам билдириб, тўсиқларни тез орада ўрнатишни талаб қилди.

«Каналнинг чети Наримонга қарайдими, мэриягами— бизни қизиқтирмайди. Тез орада тўсиб беришсин. Бу ҳам яна бир-икки ой чўзиб, яна бир-икки бола ўлишини хоҳламаймиз, бизга бундай нарса керак эмас. Биз болаларни қанча қийинчилик билан катта қилдик, шунинг учун бари тезроқ ҳаракат қилиб, реакциясини кўрсатишсин», — деди Дуйшеева.

Маҳаллий ҳукумат нима дейди?

Манас-Ата ҳудудий бошқармасининг бошчиси Жанибек Чолпонбаев «яшовчилар умумий ариза билан мурожаат қилишса, канални назорат қилган Ак-Суу сув фойдаланувчилар ассоциацияси унинг четига тўсиқларни ўрнатишга ҳаракат қилади» деб билдирди.

«Аҳолининг талабини рад этмай Ак-Суу сув хўжалигига хат ёзиб, [каналнинг] икки четини тўсиш масаласини қўллаб, тўсиб берамиз деган ниятдамиз. Турғунларнинг аризаси асосида ишхона билан гаплашиб, қанча кун ичида битиришини маълум қиламиз», — деб билдирди Чолпонбаев.

Ак-Суу сув хўжалигининг бошчиси Арстанбек Торобеков «Сайип» каналини 300 метрга яқин жойига тўсиқ ўрнатишга маблағ йўқлигини маълум қилди. Унинг айтишича, бу иш келаси йил кўриб чиқилади.

«Мен каналнинг барини тўсолмайман, менга давлат ғазнасидан бир сом бера олишмайди. Мен ҳозир олган хизмат тўлови билан ходимларнинг маошини, солиқни, техника кредитларини зўрға ҳал қиляпман [...] Келаси йили ғазнага ўтади дейишмоқда, шунда миллиардлаган пул берса, шунда тўсилади. Қисқаси келаси йили қанча миллион сомга “таъмирлашга киради, келаси йили ҳал қилиб берамиз” дейишган. Худо билади энди», — деди сув хўжалиги бошчиси.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, ўтган йили ўлкада 85 киши сувга чўкиб вафот этган. Уларнинг 28и ёш болалар бўлса, 13 нафари ўсмирлар бўлган. Ўш шаҳрида сувга чўкиб вафот этган ҳолатларнинг 80% тўсиқлари йўқ, хавфли деб ҳисобланган канал, дарёларда бўлган.

Ўш шаҳридаги Оқбура —Аравон канали. Сурат: Мээрим Асанова / 24.kg

2020 йили Ўш шаҳрининг Турон кичик туманининг яшовчилари Оқбура — Араван каналининг четини тўсиб беришни сўраб, маҳаллий ҳукуматга мурожаат қилишган. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ўша йили бу каналда 13 киши сувга оқиб вафот этганини, уларнинг бештаси 12 ёшгача бўлган болалар эканини билдирган.

Маҳаллий турғунлар канал четини тўсиш илтимоси билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, Транспорт вазирлигига, Ўш шаҳар мэриясига ва шаҳар кенгашига мурожаат қилишларига қарамай, ҳеч қандай натижа бўлмаганидан норози бўлишган.