Парламент қўмитаси болалар боғчаси очишда лицензияни йўқ қилиш қонун лойиҳасини маъқуллади

151

Жогорку Кенешнинг Ижтимоий сиёсат қўмитаси 29 майда бўлиб ўтган йиғилишида «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳасига киритилган ўзгартиришларни кўриб чиқиб биринчи ўқишда маъқуллади. Мазкур қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган депутатлар гуруҳи болалар боғчаси очишда лицензия беришни бекор қилишни таклиф қилмоқда.

Йиғилишда қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири, халқ вакили Жанар Акаев мамлакатимизда мактабгача ёшдаги болаларнинг 76 фоизи боғчага бормаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат, айниқса, қишлоқ жойларда кескин.

«Ҳудудларда болалар боғчаси очиш учун уйларини берадилар. Кейин текширувлар бошланади ва ёпишга тўғри келади. Биз кўпроқ болаларни мактабгача таълим билан таъминлаш мақсадида боғча очиш учун лицензия талабини бекор қилишни таклиф қилмоқдамиз. Ҳозир мамлакатда 1800 болалар боғчаси етишмайди. Болаларнинг 76 фоизи боғчага бормайди. Агар болалар боғчага берилса, ота-оналар ҳам ишлайди, бу эса иқтисодиётни яна ҳам яхшилайди. Кейин боғчалар кўпайса, лицензия олишни қайтадан киргизса бўлади», — деди халқ вакили.

У қонун лойиҳасида мактаб ўқитувчиларини аккредитациядан ўтказиш тартибини бекор қилиш ва таълим муассасаларини молиялаштиришда босқичма-босқис ваучер тизимини киргизиш ташаббус қилинганини қўшимча қилди.

Апрель ойи ўрталарида Болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакил Асел Чинбаева хусусий шахслар ўз уйларида патент асосида болалар боғчаси очиш имкониятига эга эканлигини маълум қилган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида эса Вазирлар Маҳкамаси болаларни мактабгача таълим билан таъминлаш даражасини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги қарорни қабул қилган. Ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2,5 мингдан ортиқ болалар боғчасига эҳтиёж бор.