Ўш: Марказий стадионни капитал таъмирлаш учун 25 млн сом сарфланади

147

Ўшдаги Акматбек Суйумбаев номидаги марказий стадионни капитал таъмирлашга 25 млн сом сарфланади. Бу ҳақда «Клооп»га 24 майда шаҳар раҳбариятидан билдиришди.

Маълумотга кўра, мазкур маблағ бу йил республика бюджетидан ажратилган. Аммо уни стадионни таъмирлашга етиш-етмаслиги ҳозирча номаълум.

Мэриядан бу пулга 12 минг 500 ўтиргич тўлиқ алмаштирилиб, маъмурий бинонинг ташқи кўриниши янгиланади деб билдиришди. Шунингдек, футболчиларнинг кийим алмаштирувчи ва ювиниш хоналари тўлиқ таъмирланиши айтилди.

«2019 йили стадионнинг бир қисмигина таъмирланган, капитал таъмирдан ўтмаган. Ҳозир ҳаммаси тўлиқ таъмирланади», — деб билдиришди мэриядан.

Капитал қурилиш бошқармаси таъмирлаш ишларининг бир қисми учун 19 апрелда 16 млн 713 минг 842 сомга тендер эълон қилиб, уни «Универсал Компани ЛТД» МЧЖ қўлга киритди. Бу компания қурилиш ишлари учун 13 млн 480 минг 151 сом таклиф қилган.

Бошқармадан қолган пулга тендер ҳозирча эълон қилинмаганини айтишди. Шунингдек, капитал таъмир 31-августга тугатилади деб ваъда қилишмоқда.

Акматбек Суйумбаев стадиони 1960 йили 12 минг томошабинга мослаб қурилган. Стадион капитал таъмирдан охирги марта 2000 йили ўтган. Ўша вақтдан бери ўтиргичлари синиб, югуриш қисмида ёриқлар пайдо бўлиб, маъмурий бинонинг сирти эскириб, таъмир талаб бўлиб қолган.

Охирги марта 2019 йили Ўш шаҳри Турк дунёсининг маданий маркази деб эълон қилиниши сабаб стадион таъмирланган. Маҳаллий хусусий тадбиркорлар таъмирлаш ишларига кўмаклашиб, 10 млн сомга яқин маблағ ажратишган. Бу пулга стадионнинг VIP зали, ўтиргичлари ва ҳожатхоналари янгиланиб, аммо таъмирлаш ишлари танқид қилинган.