24 майда Бишкекдаги «Батуми» кафеси пойтахт мэриясининг тегишли ходимлари томонидан бузиб ташланди. Мэриядан кафенинг эгаси «ижара муддатини узайтирмаган» деб тушунтиришди.
«Батуми»нинг эгаси эса ҳужжатлари жойида эканини ва бузиш ишлари ноқонуний амалга оширилганини айтиб, йиғлади. 25 майда унинг адвокати вице-мэр Орунтаев «президент ўғлининг номидан фойдаланиб кафени суд ҳукмисиз бузди» дея, амалдорнинг устидан МХДҚга шикоят аризаси ёзганини айтиб чиқди.
Бу орада бузилган объектга МХДҚ раҳбарининг ўзи борди. Материал эълон қилиниши арафасида эса Бишкек мэриясидан «иш ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширилаётганини, изоҳ бера олмаслигини» айтишди. «Батуми» атрофидаги можарони тушунтириб берамиз.
«Батуми» кафесини бузилиши
24 майда Бишкекнинг Жал туманидаги Тиналиев кўчасида жойлашган «Батуми» кафесини бузиш ишлари бошланган.
Мэриядан кафенинг эгаси – «Эстаунд» МЧЖ ер участкаларини ижарага олишга ҳуқуқ бериш бўйича комиссия қарори билан ижара шартномасининг муддатини узайтиришдан бош тортганини билдиришган. Натижада улар Бишкек шаҳар мэриясининг Ердан фойдаланишни назорат қилиш бошқармасига объектни бузиш бўйича кўрсатма берилганини қўшимча қилишган.
Ўшанда мэрнинг ўринбосари Нурдан Орунтаев, Ленин туманининг ҳокими Муратали Тагаев, Ердан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Уран Мусаев ва бошқа хизматларнинг вакиллари воқеа жойида иш олиб бораётгани айтилган.
ОАВда кафе эгаси эканлиги кўрсатилган аёлнинг бузиш ишларини бошлаган махсус техникага қаршилик кўрсатиб йиғлаётгани, ҳуқуқ-тартибот органлари билан фуқароларнинг ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалган. Видеодаги аёл ресторанга эгалик қилувчи Кадича Бечелова эканлиги аниқланган.
«Мен ҳозир Кардиологиядан, шифохонадан чиқиб келдим. Ҳеч бўлмаганда айтиши керак нима сабабдан бузаётганини. Бу ерда менинг саккиз ака-укаларимнинг улуши бор, мен ҳаммасидан қарздорман. Ерни ҳам ўша катталардан сотиб олганман. Мен оддий ўқитувчиман», — деб тушунтирган Бечелова.
«Батуми»нинг адвокати нима дейди?
«Батуми» ресторани эгаси МХДҚга ариза билан мурожаат қилиб, «бизнес объектини ноқонуний бузишга, мулкни йўқ қилишга йўл берган» мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Бу ҳақда 25 майда кафега эгалик қилувчи «Эстаунд» МЧЖнинг юристи Кайсин Абакиров маълум қилди.
Абакиров Бишкек вице-мэри Нурдан Орунтаевнинг «Батуми»ни бузишга «қонуний асослари ва суд қароригайўқ» ва ўзининг расмий ваколатларинидан «ортиб кетган» деб ҳисоблайди.
«Орунтаев Жапаровнинг ўғли номидан фойдаланиб, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўз манфаатини кўзлаб, йирик миқдордаги мулкий фойда олиш мақсадида ноқонуний ҳаракатларни уюштирган. [...] Мулк эгасининг иродаси бўлмасдан мулкни қамоққа олишга қонунда белгиланган тартибда, фақат суднинг қарори бўйича йўл берилади», — деб ёзди у Фейсбук саҳифасида.
Шунингдек, Кайсин Абакиров «Эстаунд» компаниясининг қўлида 2023 йилнинг 17 майида чиққан пойтахт мэриясининг 01/390 сонли хатигина борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, хатда Ердан фойдаланишни назорат қилиш бошқармасига фақат объектни демонтаж қилиш масаласини ишлаб чиқиш топшириғи берилган.
«Бироқ бу ҳужжат объектни бузиш учун асос бўла олмайди. “Батуми” кафесининг тахминий қиймати 80 млн сомни ташкил қилади. Ноқонуний бузишнинг натижасида етказилган дастлабки моддий зарар 9 млн сомга яқин. Кафени ноқонуний бузишни ташкил қилган барча амалдорларни зудлик билан жавобгарликка тортишни, оғир жиноятга алоқадор барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жавобгарликка тортиб, уларнинг исм-шарифларини эълон қилишни талаб қиламиз», — дея хулоса қилди Абакиров.
Мэрия нима дейди?
25 майда Бишкек мэрияси матбуот хизмати ўзининг расмий сайтида баёнот эълон қилиб, «Батуми» кафеси маъмуриятига огоҳлантириш муддати берилгани ҳақида «тасдиқланмаган маълумотлар тарқалмоқда» деб билдирди.
«Ихтиёрий равишда демонтаж қилиш тўғрисида билдирув 2023 йилнинг 17 майида Бишкек шаҳар мэриясининг Ердан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси ходимлари томонидан берилган. Қайд этилганидек, билдирувда кўрсатилган талаблар бажарилмаган», — деб ёзилади релизда.
Ташиев бузилган кафега борди
25 майда МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев бузилаётган «Батуми» кафесига борди. Бу ҳақда «Клооп»га махсус хизматнинг ахборот марказидан билдиришди.
Маълумотда Камчибек Ташиев президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан «Батуми» кафесининг ноқонуний бузилиши бўйича воқеа жойига танишиш учун боргани айтилади.
«“Батуми” кафеси эгаси Кадича Бечелова МХДҚ раисига уларга расмий огоҳлантириш берилмагани, буздириш бўйича суд қарори йўқлигини айтди. Камчибек Ташиев тегишли муассасалар ходимларига мазкур ишнинг тафсилотларини тўлиқ аниқлаб, қонун доирасида қайта кўриб чиқишни, агарда бузиш ноқонуний бўлса айбдорларни жавобгарликка тортишни топширди», — деб ёзилади билдирувда.
Ҳаммуаллиф: Бурулсун