Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Акнет» интернет провайдери асосчиси Кубан Ажимудиновни етти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда «Азаттиқ» суднинг матбуот хизматига асосланиб ёзди.
Нашрнинг ёзишича, 4 апрелда бўлиб ўтган суд мажлисида Ажимудинов «ишониб берилган мулкни ўзлаштириш ёки сарфлаш» моддаси асосида айбдор деб топилди.
«Акнет» асосчиси солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилган, бироқ муддати ўтгани сабабли жазодан бўшатилди.
Бундан ташқари, Ажимудинов «Тижорат ёки бошқа ташкилотда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш», «Қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний муомаласи» ва «Ҳужжатларни қалбакилаштириш» моддалари бўйича ҳам оқланган.
24.kg нашрининг билдиришича, Ажимудинов суд залидан қамоққа олинди.
Унинг 2019 йил майидан 2021 йил апрелигача қамоқда ўтирган деярли икки йилининг ҳар бир куни жазо муддатида икки кун деб ҳисобланиб қўшилди.
«Акнет» иши.
Акнет раҳбари Кубан Ажимудинов 2019 йилнинг май ойида ҳибсга олинган. Бунгача Финпол «Акнет» офисида тинтув ўтказган ва компанияда 150 млн сом солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик фактини аниқлаган, компания буни «рейдер ҳужуми» деб атаган ва «Акнет»нинг кабель телевидениеси ва интернет тармоғи ёмон ишлай бошлаган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Финпол ходими экани айтилаётган шахс «Акнет» ходимидан пул талаб қилаётган видео тарқалган.
Унда «Акнет» тижорат директори Руслан Абдимажитов компания фаолиятини текшириш учун Финполга ариза ёзганини айтди. У ўзининг собиқ ҳамкорларини даромадни камайтириб кўрсатиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва акциядорларга дивидендлар тўламаслик ва бошқа қонунбузарликларда айблади.
2019 йили Финпол Ажимудинов томонидан умумий қиймати 616 млн 816 минг сомлик солиқ тўлашдан қочиш ҳамда кассага умумий суммаси 384 млн 901 минг сомни ноқонуний ҳисобдан чиқариш, киритмаслик йўли билан уни сарфлаш ва ўзлаштириш бўйича қўшимча фактларни аниқлаган.