Бишкек: Апрелчилар тахтдан ағдарилган президентларнинг келишига қарши чиқишди

102

2010 йилдаги Апрель инқилоби иштирокчилари ва уларнинг яқинлари Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида тўпланишди. 30 га яқин киши қувғиндаги президентлар оқланишига ва мамлакатга қайтишига йўл берилмаслик кераклигини қайд этди.

Ақси ва Апрель воқеалари қаҳрамонларига бағишланган ёдгорлик олдига йиғилганлар ҳокимиятдан ағдарилган президент Асқар Акаев ва «мамлакатни вайрон қилган» Қурманбек Бакиевни қонун доирасида жавобгарликка тортишни талаб қилишди.

«Бакиев келса, ўрни қамоқда. Қамалсин. Еб-ичадиган, Қирғизистонни талон-тарож қилиб, ер сотиб, зарар етказган президентларни қўллаб-қувватлашга қирғиз халқи йўл қўймаслиги керак. Бакиевдек қонхўрларнинг келишига йўл қўймаймиз», - деди «Айкол-Ала-Тоо» жамоат бирлашмаси раиси Жилдизбек Исаков.

Шунингдек йиғилганлар Бакиев билан суҳбатлашган Халқ Қурултойи Оқсоқоллар Кенгаши раиси Кадирали Кошалиевдан ҳам норози бўлиб, унинг интервью олишга «ҳаққи ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ эди» дея таъкидлашди.

Кошалиевнинг Курманбек Бакиев билан суҳбати 16 майда эълон қилинган. Сўнгра президент адвокат ёллаб, видеоалоқа орқали ўз иши бўйича судда иштирок этишни хоҳлашини маълум қилди. Унинг айтишича, унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини тергов қилишда хатоликка йўл қўйилган.

Биринчи қочқин президент Аскар Акаев эса рафиқаси Майрам Акаева билан Қирғизистонга 18 майда келган. Олий ўқув юртларида маъруза ўқимоқчилиги айтилган ва бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган. Кейинчалик таълим муассасаларидан Акаевнинг маърузаси режалаштирилмаганини таъкидлашган.

Апрель инқилоби иштирокчилари «Бакиевлар келмасин» деган чақириқ билан бунга қадар ҳам акция ўтказган. Улар Меҳнат вазирлиги ташаббуси билан бошланган «Халқ апрель инқилоби куни»ни бекор қилиш таклифига қарши чиқишган.

Муаллиф: Бурулсун Жумалиева

Бош саҳифадаги сурат: Бакит Торогелди / «Азаттиқ»