Қирғизистондаги компания АҚШнинг санкциясига учради

129

Қирғизистондаги «Тро, Я» компанияси АҚШ санкциясига учради. Американинг савдо вазирлиги мазкур ишхонани «Россиянинг ҳарбий кучларига ёрдам берган юридик шахсларнинг» қора рўйхатига қўшди.

Сурат: АҚШнинг Савдо вазирлиги

Маълумотга кўра, компаниянинг Тўқмоқ ва Бишкек шаҳрида офиси бор. Ишхона сайтида енгил саноат тармоғига тегишли телекоммуникация, навигация бўйича электрон ускуналарни ташишини кўрсатган.

Юстиция вазирлигининг маълумотига кўра, компания 2018 йили қайта рўйхатдан ўтган, асосчиси ва етакчиси — Хилоу Насер Ишарович. «Тро, Я» — ғарб санкциясига илинган Қирғизистондаги биринчи ишхона.

Украинадаги уруш сабаб АҚШнинг Россияга киритган санкциясига бу сафар Қирғизистондаги компаниядан ташқари Россиядаги 69, Арманистондаги бир ишхона учради.

Рус армиясининг Украинага кенг кўламли ҳужуми 2022 йилнинг 24 февралида бошланган, уруш ҳамон давом этмоқда.

Ҳарбий ҳужумни ғарб давлатлари қоралаб, Россияга нисбатан аввал бўлмаган миқдорда санкциялар киритган. Бундан ташқари, ғарб давлатлари Россияга ёрдам берган давлатларга ҳам санкциялар берилишини бир неча марта огоҳлантирган.

Бу рўйхатга биринчи бўлиб Лукашенко бошчилигида Беларус мамлакати кирган. Лукашенко Путинни қўллаб, Украинага ҳужум қилиши учун ўз ҳудудидан йўл очиб берган.