Тошкентда ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида бронза медал олган Мунарбек Сейитбек ўғлини 17 майда тантанали кутиб олишди. Бу ҳақда Ўш мэриясининг матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирга шаҳарнинг вице-мэри Нурбек Кадиров, ЎшДУ ректори Кудайберди Кожобеков, спорт қўмитаси раиси Бекдоолот Абакиров, мураббийлар, спортчилар ва спортчининг яқинлари қатнашишди.
Мунарбек Сейитбек ўғли мустақил Қирғизистон тарихида бокс бўйича жаҳон чемпионатида соврин олган биринчи спортчи бўлди.
У Тошкентда 1-14 майда ўтган мусобақада 57 килограмм вазнда куч синашди. Биринчи учрашувда Пуэрто-Риколик боксчини енгиб, кейин таиландлик спортчини ва мексикалик полвонни мағлуб қилган.
Сейитбек ўғли ярим финалга чиқиш учун тожикистонлик спортчини енгди. Ярим финалда ўзбекистонлик спортчи билан куч синашиб, ғалаба рақиби фойдасига ҳал бўлди.
Мунарбек Сейитбек ўғли — Осиё чемпионати, талабалар орасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби. Уч марта Қирғизистон чемпиони ва бир неча халқаро турнирлар ғолиби.
Жаҳон чемпионати қўшни Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида ўтиб, 14 майда якунланди. Чемпионатга 100дан ортиқ давлатдан 600дан ортиқ спортчи қатнашди. Қирғизистон номидан 13 спортчи борди.