Жалолобод вилоятининг Новкен туманига қарашли Қўчқор-Ота шаҳридаги №15 Беки ўғли Семетей номидаги ўрта мактабнинг 42 ўқувчиси номаълум моддадан заҳарланди. Маълумотни 13 майда «Клооп»га Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жалолобод вилояти бўйича координатори Каарманбек Байдавлетов тасдиқлади.
Маълумотга кўра, 11 майда мактабда ўқувчиларга мажлис бўлаётганда номаълум модданинг ҳиди тарқалган. Кейин 6-7-8-синфнинг ўқувчилари ўзларини ёмон ҳис қилиб, тез ёрдам билан касалхонага етказилган.
«Касалхонага умумий 42 бола келган. Оғир аҳволда тушганлар бўлмаган. 13 майдаги хабар бўйича 23 бола касалхонада қолди. Қолганлари уйларига чиқарилди», — деди Байдавлетов.
Новкен туман милициясидан бу бўйича «Заҳарланиш» моддаси билан қўзғалганини, ҳозирча нимадан заҳарлангани номаълум эканини айтишди.
14 апрелда Ўш шаҳридаги №8 мактаб-гимназиясининг 6-синфини уч ўқувчиси атирдан заҳарланиб касалхонага тушган. Мактаб директори Зулфия Кадирова ўқувчилар «ўзлари фойдаланган атирни сепиб ўйнаётганда заҳарланиб қолган бўлиши мумкин» деб билдирган.
Ўқувчиларнинг бири жонлантириш бўлимига ётқизилиб, иккиси эса шифокорларнинг назоратидан ўтиб уйларига қайтишган. Заҳарланишга боғлиқ экспертиза тайинланиб, тергов бораётгани хабар қилинган.
29 мартда шундай ҳолат Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги №101 Кумар Момбекова ўрта мактабида ҳам содир бўлган. Унда 6-синфнинг 18 ўқувчиси атир ҳидидан заҳарланиб, касалхонага тушган.