Боткенни қайта тиклаш: Насиясини ундиролмаган тадбиркорлар норозилик акциясига чиқишди

141
Норозилик намойишига чиққан тадбиркорлар. Сурат: Жениш Айдаров / Azattyk

11 майда Боткен вилоятининг чегара ҳудудларини қайта тиклашда қурилиш материалларини сотган тадбиркорлар вилоят маъмурияти олдида норозилик акциясига чиқишди. Бу ҳақда Боткен вилоят маъмуриятидан билдиришди.

Маълумотга кўра, маҳаллий тадбиркорлар қурилиш компанияларининг вакилларига қурилиш материалларини ва озиқ-овқатларни насияга бериб, пулини ололмаяпти.

«Тадбиркорлар билан президентнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакиллигининг биринчи ўринбосари Маруфхан Тулаев учрашди. Бу масала бўйича уларнинг аризаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ўтказиб берилиб, текширув ишлари бошланди», — дейилади билдирувда.

Turmush нашри «Келечек ЛТД» қурилиш компаниясининг субподрядчик мажбуриятини олган ўзбекистонлик икки тадбиркор Боткен шаҳридаги қурилиш материалларини ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотган тадбиркорларга 7 млн сомга яқин пул қарз ажратганини ёзди.

Шунингдек, Ак-Сай қишлоқ ҳукуматини қайта тиклаган «Алмалуу-Доор курулуш» компанияси Боткен туманининг Ак-Татир қишлоғидаги савдогарларга 12 млн сом қарз ажратган. Қурилиш материалларини ва озиқ-овқат сотган тадбиркорларнинг айтишича, мазкур компаниянинг қарзи ҳамон берилмаган.

Боткенда 14-17 сентябрда жабрланган уйларни қайта тиклашга тендерни «Аманат Строй Инвест» қурилиш компанияси ютиб олган. Компания уйларни қуриш учун 33 субподрядчик ёллаган.

Президент аппаратининг матбуот хизматининг етакчиси Дайирбек Орунбековнинг айтишича, «Алмалуу-Доор курулуш» компанияси ишни бажариш муддатидан ортда қолган. У бунинг сабабини апрель ойининг охирида «қурувчилар билан компания ўртасида тушунмовчилик бўлгани учун» бўлганини айтган.

Орунбеков «компания етакчиси ҳалокатга учраб, алоқага чиқмай, ишчилар алданиб қолдик, деган ўй билан ишини тўхтатиб, президентга ҳам мурожаат қилишган» деб билдирган.

Кейинчалик президентнинг иш бошқарувчиси Канибек Туманбаев «Алмалуу-Доор курулуш» компаниясининг етакчиси ва қурувчиларнинг вакили билан учрашган. Орунбеков айтишича, йиғилишда томонлар «бир фикрга келиб», қурувчилар қолган ишларни 15 кун ичида битириб беришга ваъда беришган.

Чегарадаги қуролли можаро

2022 йил 14-17 сентябрда қирғиз-тожик чегарасида кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлди. Отишма давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб содир бўлган. Қуролли тўқнашувлар пайтида Боткен вилоятининг чегара қишлоқларида яшовчи 130 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб, хавфсиз жойларга кўчирилди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, отишма оқибатида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 83 нафарни ташкил қилганини ёзган.

Боткендаги қуролли тўқнашув натижасида 417 уй вайрон бўлган.