«Азаттиқ»: Россия қамоғида ётган яна бир қирғизистонликнинг жасади Украинадаги урушдан келди

110

Россия қамоғида жазо ўтаётган қирғизистонлик Чингиз Изабеков Украинадаги урушда ҳалок бўлгани маълум бўлди. Марҳумнинг жасади Қирғизистонга олиб келиниб, 13 апрелда дафн қилинди. Бу маълумотни марҳумнинг яқинлари «Азаттиқ»қа тасдиқлашди.

Маълумотга кўра, қирғизистонлик йигит «Вагнер» хусусий ҳарбий компания орқали урушга кетган. У ўтган йили октябрда, айрим маълумотлар бўича ноябрда урушга жалб қилинган.

«Мен уни урушга кетганини билмаганман, кейин турмада бирга ўтирганлардан билиб қолдим. Бунгача Қирғизистонга ўтказиш ҳаракатидан натижа чиқмаган», — деди марҳумнинг яқинларидан бири.

«Азаттиқ»нинг маълумоти бўйича, 33 ёшдаги Изабеков оилада каттаси бўлган. У Россияда «Ўғрилик» моддаси бўйича айбланиб қамалган. Уни нима сабабдан, қачон қамалгани ҳақида бошқа маълумот айтилганмаган.

Украинадаги урушдан жасади келган қирғизистонликлар 

Россия қамоқларида жазо ўтаётган қирғизистонлик фуқароларнинг жасади Украинадаги урушдан келган ҳолатлар бунгача ҳам бир неча марта бўлган.

27 январда қирғизистонлик Аян Алишеровнинг ўлими ҳақида маълум бўлган. У рус армияси 2022 йилнинг ёз ойларидан бери босиб олишга ҳаракат қилган Украинанинг Бахмут шаҳрида ҳалок бўлган.

30 ёшдаги Алишеровнинг қариндошлари ОАВга марҳум Россия таркибига кирган Мордовия республикасидаги колонияда жазо муддатини ўтаётганини айтишган. Укаси билан охирги марта суҳбатлашганда Алишеров колонияга «Вагнер» ЧВКсидан келишганини айтган. Суҳбатда марҳум урушга бориш нияти ҳақида айтмаган, бироқ кейин яқинлари билан алоқага чиқмай қўйган.

1 февралда «МедиаХаб» Россияда судланган Ўзган тумани яшовчиси Янгибай Рахимов ҳақида видео жойлади. Унда у 2022 йилнинг 9 декабрида Украинанинг Бахмут шаҳридаги урушда халок бўлгани айтилган. Унинг жасади 23 январда дафн қилинган.

15 февралда яна бир қирғиз фуқароси, Лайлак тумани яшовчиси Замир Чолоевнинг жасади Украинадан келгани маълум бўлган. Чолоевнинг яқинлари у Россия қамоғида жазо ўтаётиб, ЧВК «Вагнер» орқали урушга кетганини «Азаттиқ»қа билдиришган.

26 апрелда болалари Россия қамоғида ўтирган 30 га яқин ота-она ҳукуматга мурожаат қилган. Улар президент Жапаровдан «гиёҳванд модда ташиган» деган айб билан судланган болаларини Қирғизистонга экстрадициялашга ёрдам сўрашган.

Ота-оналар болалари курьерлик ишига киришгандан кейин «Россиянинг мафиясига ем бўлиб, гиёҳванд модда билан қўлга тушаётганини» айтиб, қамоқдаги мигрантлар Украинадаги урушга жалб қилинади, деган хавотирларини айтишган.

Мазкур масалани депутат Жанар Акаев парламентнинг 27 апрелдаги йиғинида кўтариб, бош прокуратура бу бўйича тезкор чора кўриш кераклигини айтган.

Ташқи ишлар вазирлиги шу йилнинг февраль ойидаги маълумотига кўра, чет ўлкада судланиб, қамоққа олинган 1282 қирғиз фуқароси бор. Уларнинг 1077си Россия қамоқларида.

*ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — расмий бўлмаган қуролли тузум.

Россиянинг ОАВ уни хусусий ҳарбий компания деб аташади. The Bell нашрининг маълумотига кўра, уни Россия қуролли кучлари бош штабининг раҳбарияти яширин тарзда назорат қилади.

Ҳозирча Россияда жазо ўтаётган қанча қирғизистонлик Вагнер ЧВКга қўшилгани номаълум.