Жапаров президентларнинг Путин билан нонуштасига Мишустин билан учрашуви туфайли иштирок этмаган

149

Россия президенти Владимир Путин 9 майда Москвадаги парадга келган президентлар билан норасмий учрашув ўтказди. Нонуштага Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон президентлари ва Арманистоннинг ҳукумат бошчиси қатнашди. Норасмий нонуштадан олинган суратни ижтимоий тармоққа кремлчи Телеграм каналлар тарқатган.

Суратлардан нонуштага Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан Беларус президенти Александр Лукашенко қатнашмаганини кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда Жапаров нонуштага Тожикистон президенти Эмомали Рахмон билан бир дастурхонда ўтиришни истамагани учун қатнашмаган деган версиялар тарқаган. 2022 йилнинг сентябрида қирғиз-тожик чегарасидаги катта тўқнашувдан кейин икки давлатнинг муносабатлари кескин сустлашган.

Бироқ Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Акипресс» нашрига Қирғизистоннинг лидери 8 май куни кечда МДҲ давлат раҳбарларининг кечки овқатига қатнашишга улгирганини билдирди.

«Кеча [8 майда] кечда Садир Жапаров норасмий овқатланиш маросимига қатнашди. Қизил майдондаги параддан кейин Қирғизистоннинг делегацияси Россия ҳукуматининг раиси Михаил Мишустин билан сўзлашувга борган», — деб билдирди Султанбаев.

Марказий Осиё давлатларининг президентларини Москвага сафари Россияни 2022 йилнинг февралида Украинада уруш бошлаб, мазкур давлат ҳудудида кенг кўламли ҳужумни давом эттираётган вақтда бўлди. Ғарб давлатлари Россиянинг ҳужумига жавоб қилиб, унга қарши санкцияларни эълон қилди, халқаро жиноят суди Владимир Путинни ҳарбий жиноятлари учун қамоққа олишга ордер чиқарган.