Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарларида Қирғизистон бош консуллиги очилади

122

Президент Садир Жапаров Россиянинг Санкт-Петербург ва Қозон шаҳарларида Қирғизистоннинг Бош консулликларини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда 8 майда мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Билдирувда бундай қарор Қирғизистон фуқароларининг Россияда «қонуний ва қулай юришига кўмаклашади» мақсадида қабул қилингани айтилади.

Санкт-Петербургдаги консуллик Карелия, Коми республикалари, Архангельск, Вологда, Калининград, Ленинград, Мурманск, Новгород, Псков вилоятларида иш олиб боради. Қозондаги консуллик Бошқирдистон, Мари Эл, Мордовия, Татаристон, Удмурт, Чуваш республикаларида ва Ульяновск вилоятида иш олиб боради.

7 майда Садир Жапаров расмий иш сафари билан Москвага жўнаб кетган. У Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, Қирғизистон-Россия икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилгани хабар қилинган.

2022 йил февраль ойидаги маълумотга кўра, Россияда мигрант бўлиб юрган 1 миллиондан ортиқ қирғизистонлик мавжуд эди. Хорижда меҳнат қилаётган Қирғизистон фуқароларининг расмий сони эса 1 миллион 118 минг кишини ташкил қилади.