Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига 100 минг сомдан тўланди

157

* Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига, концлагерларнинг ёш асирларига ва Ленинград блокадачиларига 100 000 сом миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Меҳнат, ижтимоий муҳофаза қилиш ва миграция вазирлигидан билдиришди.

Фахрийларга пулни президент Садир Жапаров фармойиши билан Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири Кудайберген Базарбаев топширди.

«У Улуғ Ватан уруши фахрийси Аспек Жумашев ва Ленинград блокадачиси Валентина Петкявиченани Ғалабанинг 78 йиллиги билан табриклади. Шунингдек, Вазир уларга эсдалик совғаларини топширди», — дейилади вазирлик хабарида.

Қирғизистонда 68 нафар фахрий истиқомат қилади. Уларга ойига 7 минг сомдан компенсация ва 10 минг сом миқдорида умрбод тўланувчи президент стипендияси тўланади.

*Улуғ Ватан уруши – бу атама совет ва рус тарихий манбаларида ҳамда айрим постсовет республикаларида Иккинчи Жаҳон урушининг 1941 йилнинг 22 июнидан 1945 йилнинг 9 майигача бўлган даврни  англатади.

Иккинчи жаҳон уруши 1939 йил 1 сентябрда немис қўшинлари Полшага бостириб кириши билан бошланди. Сентябрь ойининг ўрталарида, СССР Германиянинг иттифоқчиси бўлган даврда, Полша ҳудудига бостириб кирган. Бир ой ичида Полша ҳудуди Германия ва СССР ўртасида иккига бўлинган. Полшага қилинган ҳужумга жавобан Франция ва Буюк Британия Германияга уруш эълон қилган. Бу олти йил давом этган инсоният тарихидаги энг қонли уруш бошланишига йўл очган.

1945 йили Марказий Европа вақти билан 8 май куни кечқурун (Москва вақти билан 9 май) Германия қуролли кучларининг капитуляция тўғрисида акти имзоланди. Бу ҳаракат немис аскарларини ўқ узишни тўхтатишга ва қуролларини ташлашга мажбур қилган. Россия ва айрим постсовет мамлакатларида, жумладан Қирғизистонда 9 май Ғалаба куни сифатида нишонланиб келади.

Иккинчи жаҳон уруши 1945 йил 2 сентябрда тугаган.