Россияда қирғизистонликка болта билан ҳужум қилишди. Жабрланувчи реанимацияда

164

Россиянинг Мирный шаҳридаги ўсмир болалар ўғлининг ёнини олган қирғизистонлик Уланбек Арстановга болта (тесак — таҳр.) билан ҳужум қилишди. Бу ҳақидаги маълумотни Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги тасдиқлади.

Бунгача рус оммавий ахборот воситаларидан бири воқеа 24 апрелда бўлганини ёзган. Журналистларнинг маълумоти бўйича, дастлаб келишмовчилик ўсмирлар орасида бошланган.

«Болаларнинг бирини уюшган гуруҳ калтаклаб кетган, уни жабрланган кишининг Аястан деган ўғли ёнини олибди, у ҳам ўсмир. Кейин икки бола Аястанни кузатиб бориб, уйининг олдида калтаклай бошлашган», — деб ёзган нашр.

Шу вақт муштлашувни Аястаннинг ота-онаси кўриб қолган. Аястанга ҳужум бўлаётган вақтда отаси Уланбек ухлаб ётган жойидан туриб, устига кийим киймай ташқарига югуриб чиққан.

«Уланбек икки болани қувиб борган. Аммо улар кийимларига яширган пичоқларни олиб чиқиб, бири Уланбекнинг оёғини, иккинчиси қисқа болта билан қорнини кесишган. Аястаннинг айтишича, отасига ҳеч ким ёрдам бермаган, бироқ у ёқ-бу ёққа ўтганларни ёрдамга чақирган экан», – деб ёзган нашр.

Уланбек кучли жароҳат сабаб касалхонага ётқизилган — ҳозир у жонлантириш бўлимида. Ҳужум қилганларнинг бири қўлга олинган — у маҳаллий тиббиёт коллежининг талабаси.

Элчиликдан бу факт бўйича жиноят иши қўзғалганини билдиришди.

«“Достук” қирғиз диаспорасининг вакиллари маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жумладан тергов хизматининг вакиллари билан учрашишди. Жабрланган ватандош Россия фуқароси ҳисобланади. Соғлиги тикланиб бормоқда», — деб билдиришди элчиликдан.