14 ёшли қизнинг ўлими: Марҳумнинг онаси айбланувчиларни оқлаш ҳаракати бўлаётганидан норози

124
Марҳум Айдай Кочкорованинг онаси «Клооп»нинг журналистларига қизи билан тушган суратини кўрсатяпти. Сурат: Kloop

Боткен вилоятининг Қадамжой туманининг яшовчиси Жумагул Нурбаева 14 ёшли қизини зўрлаб, ўлдирганлар «оқланиши мумкин» деб хавотирланмоқда. У 26 апрель куни «Клооп»га мурожаат қилиб, судланганларнинг адвокати матбуот анжумани ўтказгандан кейин шундай хулосага келганини билдирди.

Ўсмирни зўрлаб ўлдиришда гумонланган тўрт кишидан иккиси 2022 йили 4 декабрга ўтар кечаси Ўш шаҳридаги №5 тергов қамоғида вафот этган. Шу йилнинг февралида вояга етмаган учинчи айбланувчи 10 йилга, тўртинчиси мулкини мусодара қилиш билан умрбод озодликдан маҳрум қилинган эди.

Нима бўлди?

24 апрелда айбланувчиларнинг адвокати Эрнис Исаев жамоатчиликка мурожаат қилиб, жиноят иши асосида топилган янги ҳолатлар «тергов версиясига мос келмаётганини, бу айбланувчиларнинг ишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини кўрсатишини» билдирди.

Адвокат Эрнис Исаев. Сурат: «Акипресс»

Исаев терговда ёши етмаганларга нисбатан иш олиб бориш тартиби сақланмай, сўроққа ўсмирнинг қонуний вакили сифатида «ота-онаси ёки болани асраб олган киши эмас, тоғаси қатнашганини» билдирди. Унинг айтишича, сўроқ вақтида гумондорларнинг кўрсатмалари мажбурий аудио-видеога ёздирилган эмас.

«[Экспертизанинг] хулосасида ёзилишича, экспертларнинг намуналари текширишга келганда ёпиштирилган пакетларнинг ҳаммаси очилган, қўйилган муҳрлар очилиб, ёпилган. Суд-экспертизаларни олиб бориш қонуни ва қоидасига кўра, бундай экспертиза олиб бориш мумкин эмас, “қарорни ким берган бўлса, қайтариб юбориши керак” деб ёзилган. Аммо эксперт [Венера] Шаршенова бундай қилмаган, экспертизани қонунбузарлик билан олиб борган», — деб билдирди Исаев.

Адвокат Боткен вилоят судидаги иккинчи инстанциядаги суд мажлисига асосий гувоҳлар келмай, уларнинг аввалги кўрсатмалари ўқилганини билдирди, шунингдек, вояга етмаган айбланувчининг судига прокурор ва унинг ўринбосари қатнашмаганини қўшимча қилди.

Исаев жиноят бўйича экспертиза тайинланмай туриб прокуратура ходимлари ишнинг таркибида «одам ўлдиришгина эмас, зўрлаш факти ҳам борлигини айтишганини таъкидлади.

У бундай билдирув доирасида бу ишни «адолатли, ҳар томонлама текширишга ҳеч қандай имконият қолмаган» деган фикрда.

«Ўш шаҳридаги №5 қамоғида ўтирган гумондор Машрап Шадибеков билан Султанбек Абдуллажан ўғли 2022 йили 4 декабрда бир вақтда ўлик ҳолда топишган. Бугунги кунда уларнинг ўлими бўйича тегишли идоралар бизни қаноатлантирадиган текширув ўтказмади, аниқроғи, “итга итдай ўлим” дегандай қабул қилишди», — деди Исаев.

Адвокатнинг айтишича, турмада вафот этган гумондорларнинг бири Машрап Шадибеков ўлиши олдидан «ўзим қилдим» деб айбини тан олган. Иккинчиси эса — Султанбек Абдуллажан ўғли «бу ишни қилган ҳам, бу ерда бўлган ҳам эмасман» деб хат ёзиб қолдирган.

«Бугунги кунда бизнинг позициямиз бир нарсада — Денис Гапиров билан Элдияр Бактияр ўғлини бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. [...] Бунгача икки фуқаройимиздан айрилиб қолдик, энди икки фуқаро тирик вақтда ёрдам бериб, айбсиз болаларимизни сақлаб қолишимиз керак», — деб у президент, бош прокурор ва ҳақиқатчига мурожаат қилди.

«Айбдорларни оқлаш ҳаракати»

Ўсмирнинг онаси Жумагул Нурбаева адвокатнинг сўзларини инкор қилиб, уни «айбдорларни оқлашга ҳаракат қилиш» деди.

«Бу икки болани [воқеага] бевосита алоқаси бор, уларни қасддан келиб ўлдириб кетишган. Адвокат Исаев ёлғон айтиб, милиция ходимларини айблаб, суд вакилларига руҳий босим қилиб, болаларни оқлаб чиқаришга ҳаракат қиляпти. Суд ёпиқ ўтаётгани учун оммавий ахборот воситалари ва халққа ёлғон маълумот бераётганидан норозиман», — деди Нурбаева.

Марҳум Айдай Кочкорованинг онаси Жумагул Нурбаева. Сурат: Kloop

Марҳумнинг онаси айбланувчиларга «ҳеч қандай босим бўлмаган» деган фикрни билдирди. Унинг айтишича, айбдорларнинг воқеани боришини «ўз хоҳишлари билан» айтиб беришган.

«Улар энди адвокат Эрнис Исаевнинг сўзи билан берган кўрсатмаларини ўзгартиришга ҳаракат қилишяпти. Экспертизада тўрт бола ҳам зўрлагани аниқланган, тергов вақтида бир-бирини ўзлари айтиб беришган. Биз президент “ўз назоратимга олдим” деганига ишониб, тўғри, адолатли қарор чиқишига ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилишига ишонганмиз. Адолатли қарор чиқади, деган умиддамиз», — деди у.

Бош прокуратуранинг матбуот котиби Сирожиддин Камалдинов 27 апрелда «Клооп»га ўтган йили қамоқда осилган ҳолда топилган айбланувчиларнинг ўлими бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини билдирди.

Қадамжойда 14 ёшли қизнинг ўлдирилиши

Ўтган йилнинг 4 сентябрида Қадамжой туман милициясига Ноогардан қишлоғининг жанубий тарафидан ўтган Ўш — Раззақов авто йўлидаги сел ўтувчи ер ости йўлидан номаълум қизнинг жасади топилгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Воқеа жойига келган милиция ходимлари қизнинг қўллари ортига боғланганини, бўйнида ип билан бўғишдан қолган излар бор эканини аниқлашган. Бош прокурор Курманкул Зулушев қўлга олинганлар қизни зўрлашда ҳам айбланаётганини айтган.

«Қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ишни президент Садир Жапаров ўз назоратига олганини айтиб, «жиноятчилар қатъий жазоланиши керак» деб билдирган. Бош прокурор Курманкул Зулушев ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бу ишни «адолатли тергов қилади» деб ваъда қилган.

5 сентябрда қизнинг ўлимида гумонланиб 1995, 1997 ва 1998 йили туғилган Қадамжой туманининг уч турғуни қўлга олинган. Кейинчалик бу ишга алоқаси бор, дейилиб тўртинчи гумонланувчи — балоғатга етмаган ўсмир қўлга олинган. Уларнинг бари Қадамжой туман судининг қарори билан икки ойга қамоққа олинган.

4 декабрга ўтар кечаси Ўш шаҳридаги №5 тергов қамоғида бу ишда гумонланган икки киши вафот этган марҳумларнинг яқинлари, уларни ТИЗОнинг бошқа-бошқа камерасида бир вақтда ўзини осиб, жонига қасд қилганига ишонмаслигини айтишган.

Улар гумондорларга қамоқда босим ўтказилган, деб ҳисоблаб, бу воқеага «президентнинг бевосита айби бор» деб билдиришган.

Кейин Ўшдаги тергов қамоғининг ходимларини эътиборсизлиги бўйича жиноят иши қўзғалган. Суд-тиббий экспертиза марҳумларнинг танасида эски доғлар бўлганини билдирган.