Президент Садир Жапаров «Кабар» миллий ахборот агентлигига интервью берди. У парламентда ўлкадаги электр энергияси учун тарифларни ошириш муҳокама қилинаётганда фикр билдирган депутат Адахан Мадумаров ҳақида гапирди.
Жапаров Мадумаровнинг «сувни товар сифатида сотиш» таклифига жавоб бериб, «сувни товар сифатида сотишга ҳам вақт келади, Мадумаровнинг эса фақат тили сайрайди» деб билдирди.
«Ҳозир БМТда сувни товар сифатида қабул қилиш бўйича масала кўрилмоқда. Қабул қилинса кейин сотамиз. Мадумаровнинг эса тили сайрайди, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бишкекда туриб тили билан Москванинг кўчаларини тоза қилиб супуриб қўяди. 33 йилдан бери депутат бўлиб, катта сиёсатда юради. Шунчалик ақлли бўлса, сувни товар деб, уни сотиш бўйича бир варақ қонун ёзиб киритиб қўймасмиди», — деди у.
Давлат раҳбари Мадумаровни «ёмонлик, камчилик излашни одат қилиб олибди» деб таъкидлаб, «одам деган оз бўлса ҳам яхши ният қилиб, олдинги интилиш керакда», деб қўшимча қилди.
Шунингдек, президент халқ вакили энергетика муаммосини ҳал қилиш бўйича вазирга «ҳеч қандай таклиф айтолмади», деб билдирди.
«Вазир жаноблари: «Сиз таклиф айтинг, қандай ишлайин, шу кризисдан қандай олиб чиқайин, қандай реконструкция қилайин» деса, ҳеч қандай таклиф айтолмай тутилиб қолди. “Оз ўғирлаш керак” дейди. Бу сўзни бешинчи синфнинг боласи ҳам айта олади. Ҳозир олдингидай ўғирлик йўқ», — деди у.
Жапаров Мадумаровни бунгача ҳам бир неча марта танқид қилган. Ўтган йили халқ вакили Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга бериш бўйича қарши фикр билдирганда, президент уни «амалда иш қилиб кўрмаган», деб танқид қилган.
«Мадумаров умрбод парламентдан чиқмай ўтиравериб, теоретик бўлиб қолган. Шунинг учун амалда қандай ишлар қилинишини билмайди», — деган у.