«Урушга кетиб қоладими, деб қўрқамиз». Фарзандлари Россияда қамоқда ўтирган ота-оналар ҳукуматга мурожаат қилди

148

Болалари Россия қамоқларида ўтирган 30га яқин ота-она 26 апрелда ҳукуматга мурожаат қилди. Улар президент Жапаровдан «гиёҳванд модда ташиган» деган айб билан судланган болаларини Қирғизистонга экстрадициялашга ёрдам сўрашди.

Ота-оналар болалари курьерлик ишига киришгандан кейин «Россиянинг мафиясига ем бўлиб, гиёҳванд модда билан қўлга тушаётганини» айтиб, қамоқдаги мигрантлар Украинадаги урушга жалб қилинади, деган хавотирларини айтишди.

«Қизим курьер бўлиб ишлаб юриб, бир жойга иккинчи марта пицца олиб боради. Олиб борганда ўша ерга полиция бориб қолган экан. Пиццанинг тагини очганда [гиёҳванд модда] чиқибди, қизим ҳеч нимани билмаган. Ўша ердаги болалар қочиб кетишибди», — дейди қизи Россия қамоғида ётган, ўзини Буажар Кубатбекова деб таништирган аёл.

Кубатбекова қизи беш йилга судланиб кетганини, бу воқеадан кейин эри қазо қилганини қўшимча қилди.

Боласи курьер сифатида ишга киргандан кейин гиёҳванд модда сотишда гумонланиб қўлга олинганини Махабат Таиева ҳам айтди. Ҳозирда 26 ёшдаги ўғли Волгаград шаҳридаги тергов қамоғида ётганига ярим йил бўлди. Она ва бола орасидаги алоқа узилган.

«Ўша ерга [Украинадаги урушга] олиб кетмасин, деб президентдан ёрдам сўраяпмиз. Озодликда юрган болалар, қийналганда ундан кўра деб [урушга] кетиб қолмаса, деб қўрқамиз», — дейди у.

Йиғилган ота-оналар болалари қамоққа урушга чақирган одамлар келяпти, деб айтишганини қўшимча қилишди.

Масала Жогорку Кенешда ҳам кўтарилди

Тинчи йўқолган ота-оналарнинг масаласи Жогорку Кенешнинг 27 апрелдаги йиғинида ҳам кўтарилди. Депутат Жанар Акаев бу бўйича президент ва ҳукуматнинг парламентдаги вакили Алмасбек Абитовга мурожаат қилди.

«Кеча бу ерга 200га яқин ота-она келибди. Мен улар билан учрашиб, икки соатга яқин суҳбатлашдим. Президентга кирамиз, деб кира олишмади. Ҳукуматдан ҳам масъуллар чиқиб учрашмади. Улар бугун ҳам юришибди. Улар қамоқда ўтирган болаларини “Вагнер” каби ташкилотлар йўлдан уриб, урушга олиб кетармикин, деб хавотир бўлаётганини, Қирғизистондан ёрдам кутишаётганини айтишди», — деди Акаев.

Депутат Бош прокуратура бу бўйича тезкор чора кўриши керак, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, яқинда Россияга бориши хабарланган президент Жапаров ҳукумат вакиллари билан суҳбатда биринчи навбатда шу масалани кўтариши керак.

Ташқи ишлар вазирлигининг шу йилнинг февраль ойидаги маълумотига кўра, чет давлатларда судланиб, қамоққа олинган 1282 қирғиз фуқароси бор. Уларнинг 1077си Россия қамоқларида.

Россия қамоқларида жазо ўтаётган қирғиз фуқароларининг жасади Украинадаги урушдан келган ҳолатлар бунгача ҳам бир неча марта бўлди.

27 январда қирғизистонлик Аян Алишеровнинг ўлими ҳақида маълум бўлди. У рус армияси 2022 йилнинг ёз ойидан бери босиб олишга ҳаракат қилган Украинанинг Бахмут шаҳрида вафот этган.

30 ёшли Алишеровнинг қариндошлари ОАВга марҳум Россиянинг таркибига кирган Мордовия республикасидаги колонияда жазо ўтаётганини айтишган. Укаси билан охирги марта сўзлашганда Алишеров уларнинг колониясига Вагнер ЧВКдан келишганини айтган. Суҳбатда марҳум урушга бориш нияти ҳақида айтмаган, аммо шундан кейин яқинлари билан алоқага чиқмаган.

1 февралда «МедиаХаб» Россияда судланган Ўзган туманининг турғуни Янгибай Рахимов ҳақида видео эълон қилган. У 2022 йилнинг 9 декабрида Украинанинг Бахмут шаҳридаги урушда вафот этгани айтилади. Унинг жасади 23 январда қишлоғида дафн қилинган.

15 февралда ҳам бир қирғиз фуқароси, Лайлак туманининг яшовчиси Замир Чолоевнинг Украинадан жасади келгани маълум бўлган. Чолоевнинг яқинлари у Россия қамоғида жазо ўтаётиб, ЧВК «Вагнер» орқали урушга кетганини «Азаттиқ»қа билдирган.

*ЧВК «Вагнер» ёки «Вагнер гуруҳи» — норасмий қуролли тизим.

Россия ОАВ уни ҳусусий ҳарбий компания деб аташади. Тhe Bell нашрининг маълумотига кўра, уни Россия қуролли кучлари бош штабининг раҳбарияти яширин назорат қилади.

Ҳозирча Россияда жазо ўтаётган қанча қирғизистонлик Вагнер ЧВКга қўшилгани номаълум.