Абдуқодир оиласи учун пул ювганига иқрор бўлган шахс йиллар давомида уларнинг пулларини турли уйдирмалар билан хорижга жўнатиш билан шуғулланиб келган. Айрим АҚШ банкларининг ходимлари шубҳаланишган, аммо шунга қарамай транзакциялар давом этган.
“2011—2016 йиллар оралиғида Қирғизистондан 700 миллион доллардан ортиқ пул жўнатганман”.
Бир қарашда бу гапга ишониш қийин эди. Аммо 2019 йилда журналистлар билан учрашган 37 ёшли уйғур Айеркен Саймаити ўз сўзларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди.
Ушбу ҳужжатлар Марказий Осиёнинг замонавий тарихидаги энг шов-шувли коррупция можароларидан бирига туртки бўлди. Пихини ёрган пул ювғич ўзи Қирғизистон божхона хизмати ходимлари кўмагида контрабанда империясини бошқаришда айблаган иш берувчиси - Ҳабибула Абдуқодир қўлида йиллар давомида ишлаган.
Саймаитининг сўзларига кўра, у турли фирибгарлик усулларидан фойдаланиб, ушбу империянинг даромадларини Германияда банк ҳисоблари, Буюк Британияда мулклар ва Дубайда Абдуқодир ҳамда унинг оиласига тегишли кўчмас мулк объектлари воситасида хавфсиз сақлаш учун минтақадан олиб чиқиб кетишга кўмаклашган.
Қирғизистонда бунча миқдордаги нопок пуллар ювилгани сиёсий зилзила бўлди - кучли норозилик тўлқинини келтириб чиқарди ва пировардида ҳукуматни ағдарган қўзғолонга туртки бўлди.
Аммо бир савол жавобсиз қолмоқда: қандай қилиб Саймаитининг юз миллионлаб доллар пуллари ҳеч кимнинг эътиборини тортмай ҳам маҳаллий, ҳам халқаро банклар орқали ўтиши мумкин?
Америка банклари томонидан АҚШ Молия вазирлигига тақдим этилган ва кейинчалик журналистларга сиздирилган 2 000 дан ортиқ “Шубҳали фаолият ҳисоботларида” (ШФҲ) бу саволга қисман жавоб бор. (Ушбу ҳисоботлар Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми ва BuzzFeed News билан биргаликда олиб борган суриштирув доирасида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш бўйича лойиҳа (OCCRP)га тақдим этилган)
Ҳисоботлар Суриштирув журналистлари халқаро консорциуми ва BuzzFeed News етакчилигида ўтказилган FinCEN Files қўшма суриштируви доирасида OCCRPга тақдим этилган.
Сиздирилган тўпламдаги ҳисоботларнинг бештаси Саймаити ва у юборган маблағларни олган компаниялар борасида шубҳаларни уйғотган. Бу ҳисоботлар 2014 йилнинг февралидан 2015 йилнинг январигача бўлган муддат давомида Саймаитининг АҚШ долларидаги айрим операциялари учун корреспондент банк бўлиб хизмат қилган Deutsche Bank нинг АҚШдаги филиали ходимлари томонидан топширилган.
Корреспондент банк бу — бир-бири билан халқаро тўловларни амалга ошириши лозим бўлган турли мамлакатлардаги банклар учун воситачилик қиладиган учинчи томон молия институти.
Агар бу мамлакатда нималар содир бўлгани, ҳукумат ҳалол ишламаслигига доир энг оддий тадқиқотни олиб кўрсангизда у ердаги банк муассасаларига ишонмаган бўлардингиз. Банкингиз орқали бир неча миллион доллар ўтаётган бўлса, мустақил экспертларни ёллашингиз керак эди”.
Жорж Мейсон университети қошидаги Терроризм, трансмиллий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш маркази раҳбари Луиза Шелли
Ҳисоботда айтилишича, Саймаитининг Абдуқодир компаниялари ва Ҳабибула Абдуқодирнинг ўзига жўнатган юзлаб пул ўтказмалари “шубҳали транзакциялар” сифатида белгиланган. Комплаенс ходимлари бу ўтказмаларда пул ювишнинг бир нечта классик белгиларини қайд этганлар: Саймаити катта, яхлит суммада доллар юборган, транзакцияларнинг бизнес мақсади кўп ҳолатларда ноаниқ бўлган. Бундан ташқари, Саймаити билан юборилган пулларни олган компаниялар ўртасидаги муносабатларни мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.
Баъзи ҳолатларда Deutsche Bank ходимлари Саймаити транзакцияларининг тагига етишга ҳаракат қилишган. ШФҲ маълумотлари шуни кўрсатадики, улар Қирғизистон банкларидан Саймаитининг хорижга транзакцияларининг мақсади ҳақида бир неча бор сўрашган. Аммо қирғиз томони мунтазам равишда Саймаити қонуний тадбиркор эканини таъкидлаб, ҳаммаси қонунга мувофиқ, деган гапни такрорлашдан нарига ўтмаган. Камида учта қирғиз банки деярли бир хил маълумот бериб, “транзакциялар шубҳали деб ўйлаш учун ҳеч қандай асос” йўқлигини билдирган.
Молиявий жиноятлар бўйича мутахассис, Жорж Мейсон университети қошидаги Терроризм, трансмиллий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш маркази раҳбари Луиза Шеллининг сўзларига кўра, Deutsche Bank етарли бўлмаган маълумотлар билан ишлаган.
“Агар бу мамлакатда нималар содир бўлгани, ҳукумат ҳалол ишламаслигига доир энг оддий тадқиқотни олиб кўрсангизда у ердаги банк муассасаларига ишонмаган бўлардингиз”, — дейди у. - Банкингиз орқали бир неча миллион доллар ўтаётган бўлса, мустақил экспертларни ёллашингиз керак эди”.
Шеллининг айтишича, бундай ҳолларда банклар мутахассислар жамоасига таяниши мумкин. “Бунинг учун махсус семинарлар ташкил этилади”, — деди у. “Бир пайтлар банкирлар учун собиқ Совет Иттифоқидан пул олишда нималарга эътибор бериш кераклигини тушунтириб берадиган семинарларни ўтказадиган компания бўларди”.
Аммо муаммо фақат банкларда эмас. Шеллининг сўзларига кўра, ҳар йили АҚШ Молия вазирлигига шубҳали фаолият бўйича катта ҳажмдаги кўп сонли ҳисоботлар тақдим этилади, бу эса бирор бир ҳолат етарли даражада чуқур ўрганилмаслигини англатади.
“Вазирликда етарлича ходим, етарлича сунъий интеллект йўқ”, — дейди Шелли. “[Вазирлик] ҳаммасини тагига етиш учун етарли даражада маълумотлар таҳлилидан фойдаланмайди ёки маълумотлар таҳлилини ўрганадиган ходимларга эга эмас”.
Изоҳ сўраб қилинган мурожаатга жавобан Deutsche Bank конкрет мижозлар ҳақидаги саволларга жавоб беролмаслигини билдирди. "Банклар шубҳали транзакциялар ҳақида мунтазам ҳисоботлар тайёрлайди, бу бизнинг молиявий жиноятларга қарши курашда молия институтлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорлиги юзасидан олган мажбуриятларимиздан биттасидир", - деб ёзди банк вакили. - Худди шу қоидалар бизнинг бу борада қўшимча изоҳ беришимизни чеклайди".
“Тушунишга ёрдам беринг”
Deutsche Bank билан "Инвестторгбанк" (Саймаити Қирғизистонда хизматларидан фойдаланган “Росинбанк” нинг Россиядаги эгаси) ўртасидаги алоқалардан биттаси Саймаити ҳақидаги мавжуд маълумотлар шубҳали эканлигини яққол кўрсатади.
“Росинбанк” ҳозирда “Керемет Банк” деб номланади ва эндиликда “Инвестторгбанк”ка қарашли эмас.
Бу иш Абдуқодир оиласининг Германиядаги асосий компанияларидан бири бўлмиш AKA Immobilien (номи кейинчалик AKA Group деб ўзгартирилган) компанияси билан боғлиқ.
Саймаитининг ўз қайдларига кўра, у 2014 йил давомида компанияга 40 та транзакция орқали камида 17,4 миллион доллар юборган. Саймаити ушбу ўтказмалар учун турли изоҳларни, жумладан, “қарзни қайтариш” ва “тўқимачилик молларини” сотиб олиш каби баҳоналарни ўйлаб топган. Иккинчи ҳолатда ҳатто муайян шартнома рақамига ўхшаш рақамни ҳам кўрсатган.
Аммо Саймаитининг бу уринишларига қарамай, Deutsche Bank да барибир шубҳалар пайдо бўлган. Ўша йил баҳорида банк “Инвестторгбанк”ка сўров юбориб, Саймаити, унинг пулларини олаётганлар ҳамда операцияларининг бизнес мақсадлари ҳақида маълумот сўраган.
Олинган жавоб ғалати эди ва комплаенс ходимларининг шубҳаларини аритмагани эҳтимоли катта. Банк ўз жавобида “мижоз менежери эътиборсизлиги туфайли қилинган техник хатолар” туфайли Саймаити транзакциялари сабаби нотўғри кўрсатилганини эътироф этган.
Банк жавобида ёзилишича, Саймаити аслида Мюнхен яқинида жойлашган Фатерштеттен номли муниципалитетда супермаркет очиш учун бино сотиб олиш мақсадида AKA Immobilien компаниясига 15 миллион доллар юборган бўлган.
Бунга жавобан Deutsche Bank мантиқий савол берган: “Банкингизнинг олдинги жавобида мижозингиз кийим-кечак ва гилам... сингари тўқимачилик маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланиши айтилган эди. Илтимос, мижозингиз нега супермаркет учун ер сотиб олаётганини тушунишимизга ёрдам беринг”.
“Инвестторгбанк” эса “Айеркен Саймаити (хусусий тадбиркор) нафақат Қирғизистон Республикасида, балки бошқа мамлакатларда ҳам ўз бизнес фаолиятини кенгайтириш жараёнида эканини айтиб, супермаркет сотиб олиш бўйича транзакция "Германиядаги бўлажак бизнес фаолияти учун инвестиция" эканини илова қилади.
Аммо бу изоҳ ёлғон бўлиб чиқди: Саймаити Фатерштеттендаги мулкни сотиб олмаган. Участкада қурилиш ишлари билан шуғулланган маҳаллий амалдорлардан бири Саймаити ҳақида ҳеч қачон эшитмаганлигини айтди.
Фатерштеттендаги мулкни ўша йили Абдуқодирлар оиласига тегишли AKA Immobilien компанияси сотиб олади. Катта эҳтимол билан Саймаити юборган пулга. Компаниянинг бугунга келиб ишламай қолган веб-сайтида айтилишича, у ерда 2017 йилнинг декабрига қадар 220 хонали меҳмонхона қуриш режалаштирилган бўлган.
Абдуқодирлар оиласи томонидан таклиф қилинган бошқа лойиҳалар сингари бу режалар ҳам амалга ошмайди. 2017 йилда AKA Immobilien ўз мулкини Баварияда жойлашган компанияга сотган. Журналистлар Бавария компанияси вакили билан боғланганда у фирма участкани кўчмас мулк агентлари орқали сотиб олгани ва аввалги эгалари билан алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Журналистлар қўлга киритган ҳужжатлардан Deutsche Bank Саймаити банки берган изоҳдан қаноатлангани ёки йўқлиги, Саймаитининг бошқа пул ўтказмаларини кўриб чиққан-чиқмагани англашилмайди. Deutsche Bank нинг Саймаити ҳақидаги саволларига банклар, хусусан, “EcoIslamic Bank” ва “Росинбанк” (ҳозирги “Керемет Банк”) мижоз томонидан чалғитилган ёки етарли маълумотга эга бўлмаган бўлишлари ё-да қасддан ёлғон маълумот берган бўлишлари мумкин.
"Керемет Банк" изоҳ сўраб йўлланган саволларга жавоб бермади. "ЭкоИсламикБанк" эса Саймаитининг транзакцияларини изоҳлай олмаслиги, чунки у даврга оид ҳужжатлар одатий процедура доирасида йўқ қилингани"ни айтди.
Журналистлар ихтиёридаги ҳужжатлардан Deutsche Bank бош идорасида(AKA Immobilien ўз ҳисобрақамига эга бўлган) Саймаитидан келиб тушган тўловлар борасида шубҳа пайдо бўлган-бўлмагани англашилмайди.
Аммо шуниси аниқки, Саймаити Абдуқодир компанияларига камида 2017 йилгача пул ўтказишда давом этган.