Спикер бошчилигидаги бир неча депутат расмий иш сафари билан Россияга учиб кетди

125

Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Шакиев ва парламентнинг 9 депутати расмий иш сафари билан Россияга борди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

Расмий ташриф доирасида улар Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ва Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашишади.

Матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, парламентлараро ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар олиб борилади.

Бугун, шунингдек, Президент Садир Жапаров Россия Федерациясига расмий ташриф билан бориб, 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган парадда иштирок этиши маълум бўлди.

Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиевнинг айтишича, Жапаров Владимир Путин билан кун тартибидаги икки томонлама ва кўп томонлама масалалар бўйича музокаралар ўтказади. Бундан ташқари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш йўллари муҳокама қилинади.

Қирғизистон Россия армияси 2022 йил февралида Украинага ҳужум қилганига қарамай, Россия билан дўстона муносабатда бўлиб келган саноқли давлатлардан биридир.

Мамлакатнинг расмийлари Россиянинг Украинага бостириб кириши бўйича, Қирғизистон бетараф позицияни сақлаб келишини айтиб келади. Аммо амалда Қирғизистон Россияга Ғарбнинг иқтисодий санкцияларидан айланиб ўтишга ёрдам берадиган давлатлардан бири бўлди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотига кўра, охирги йили Қирғизистон Россияга қилинган реэкспортдан 36 млрд сом фойда кўрган.