«Қаҳрамонимдан қолган совға». Чегара жанжалида вафот этган Мирлан Ниязовнинг аёли фарзандли бўлди

83

Ўтган йили 14-17 сентябрда бўлиб ўтган қирғиз-тожик чегара жанжалида қурбон бўлган аскар Мирлан Ниязовнинг аёли Сатина Лайлиева қизли бўлди. Бу ҳақда 24 апрелда «Клооп»га Лайлиева ўзи маълум қилди.

«3 килограмм 250грамм оғирликда туғилди. Қаҳрамонимдан совға қолди деб, исмини Белек қўйдим», — деб билдирди у.

Лайлиева пойтахтдаги хусусий клиникаларнинг бирида кўз ёрди.

Ҳозирда икки боласи билан Бишкек шаҳрида вақтинчалик тўрт хонали уйда яшаяпти.

Қирғиз-тожик чегара можаросида ҳалок бўлган Мирлан Ниязов. Сурат: Интернетдан олинди

Чегарада ўқдан ҳалок бўлган Ниязовнинг ҳомиладор аёли икки боласи билан бунгача турмуш ўртоғи хизмат қилган ҳарбий қисмда яшаган. Лайлиева давлат томонидан берилган уй қайнонасининг номида эканини айтиб, президентга мурожаат қилган эди.

Фарзандли бўлган аёл «Клооп»га интервью бериб, турар-жой муаммоси ҳам ҳал бўлганини билдирди. Унинг айтишича, Нургали Асаналиев исмли меценат унга Бишкекдан уй беришни ваъда қилди.

«23 февралдаги оналар, аёлларнинг иштирокидаги [чегара можаросида қурбон бўлганларни] хотирлашда Нургали Асаналиев ўзи кутиб олиб, “ҳарбий қисмда яшаб бўлмайди, болаларинг кичкина экан, уй берилади сенга, унгача ҳам [уй билан] таъминлайман” деб вақтинча жойлаштириб кетди», — деб билдирди у.

Лайлиева ваъда қилинган уйнинг қурилиши 1,5-2 йил ичида битиши айтилганини, ҳозирда болалари «Креатив-Таалим» билим бериш комплексининг боғчасига боришаётганини қўшимча қилди.

Талаш бўлган уй

2022 йилнинг декабрида Лайлиева чегарачиларга давлат томонидан берилган уй қайнонаси номига рўйхатга олинганини айтган. Шу сабаб у болалари билан марҳум эри хизмат қилган Баткендаги №2022 ҳарбий қисмда яшашга мажбур бўлганини билдирган.

Аёл ўзига ҳам, болаларига ҳам ҳарбий қисмда яшаш руҳан қийин бўлаётганини айтиб, муаммони ҳал қилиб беришни сўраган.

Марҳум Мирлан Ниязовнинг онаси «ўғли Сатина Лайлиева билан иккинчи никоҳда яшаганини» айтиб, уйни унга берилишини «қонуний» деб ҳисоблашини билдирган.

МХДҚнинг чегара хизмати Ниязовнинг оиласига Ўш шаҳридан уй берилганини тасдиқлаб, аммо «Чегара хизмати уларнинг оилавий можаросига аралашмайди», деб билдирган. Бироқ ҳукумат ҳалок бўлган аскарларга 1,2 миллион сом товон тўлаб, пул суд қарори билан бериладиган бўлган.

Қуролли можаро

Қирғиз-тожик чегарасидаги отишув 14 сентябрда бошланган. 16 сентябрда вазият кескинлашган. Қирғиз ҳукумати тожик томонни «агрессияга ва ҳарбий ҳужумда» айблаган. Тожик томон эса «эскалацияга» Қирғизистонни айблаган.

Можарода Қирғизистоннинг 63 фуқароси қурбон бўлди — уларнинг 48 ҳарбий хизматчилар, 15 маҳаллий яшовчилар. 206 одам жароҳатланган — уларнинг 145 аскарлар, 60 турғунлар.

Қуролли жанжалда 140 минга яқин одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Натижада умумий 661 уй зарар кўрган.

Қирғизистонга келтирилган моддий зарарнинг миқдори 3 млрд 130 миллион сом деб ҳисобланган.