«Солиқдан қочган». Султанбаев «Ак-Жол» бекатидан олиб қўйилган 84 кг олтин бўйича изоҳ берди

122

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ак-Жол» назорат-ўтказиш пунктида олиб қўйилган 84 кг олтин бўйича изоҳ берди.

Султанбаев умумий қиймати 300 миллион сомдан ортиқ бўлган 84 килограмм олтин «Алтин кен» компаниясига тегишли эканини билдирди. У мамлакатда «рудадан олтин қазиб оладиган завод йўқлигидан, компаниялар Хитой ёки Қозоғистонга боришади», деб таъкидлади.

У компания олтинни яшириш учун эмас, балки солиқдан қочиш учун Қирғизистонга олиб ўтишга ҳаракат қилган, деган фикрни билдирди. Агар компания олтинни рўйхатдан ўтказса, 60 миллион сом солиқ тўлаган бўларди.

«Баъзи бировлар бу воқеани «олтин олиб чиқиб кетаётганда қўлга тушишди", деб нотўғри талқин қилмоқда, бу ундай эмас. Руда ва концентратлар чиқаётганда ҳам қанча тонна чиқаётгани назорат қилинади. Ўшанинг таркибидан тахминан қанча олтин чиқиши яна лабораториядан ўтади, кейин олиб кетишади. Қайта ўша олтин бизга қайтиб келади, солиғи тўланиб, шундан кейин яна қайта чиқариб олиб кетишса бўлади», — деди у.

Султанбаев, шунингдек, 31 декабрга қадар мамлакатда олтин қазиб олувчи заводи қурилишини таъкидлаб, ҳаммаси ўзимиз томондан қайта ишлана бошлайди, деб ишонтирди.

Аввалроқ, 19 апрелда МХДҚ Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ак-Жол» назорат-ўтказиш пунктида умумий қиймати 300 миллион сомдан ортиқ бўлган 84 килограммга яқин олтин олиб қўйилганини билдирган.

Махсус хизматдан олтин ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз Чуй вилоятидаги кон компанияларидан бирига JAC русумидаги автомашина билан ташиб кетилаётганини қўшимча қилишган.