Она қозонидан бизнес-империяга йўл. «Шоро»нинг асосчиси оилавий ишнинг халқ брендига айлангани ҳақида

457
Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

Қирғиз бизнесининг тимсоли ва афсонаси бўлган «Шоро» оғир деб айтилган 2022 йилни 1 млрд сом даромад топиб якунлаб, рекорд ўрнатди. Бизнеснинг ўсишини керак бўлса, компаниянинг энг кўп сотиладиган маҳсулотлари – қуйма максим ва чалапнинг қимматлагани ҳам тўхтата олмади. «Шоро»нинг режалари Чингизхонники каби: Қозоғистондан кейин қирғизларнинг миллий ичимлигини Ўзбекистон ҳамда Покистон бозорларига олиб кириш. «Клооп» компания асосчиларидан бири Жумадил Эгембердиев билан компаниянинг муваффақиятли тарихини эслаб, келажаги ҳақида суҳбатлашиб, буларнинг барчаси ёш тадбиркорларни нимага ўргата олишини тушунтириб беришга ҳаракат қилди.

Бу интервью — «Клооп»нинг Made in KG рубрикасининг навбатдаги сонидан бири. Унинг мақсади — тадбиркорликка янги қадам ташлаётган қирғиз ишбилармонларига қимматли маслаҳатлар бериш, оёққа туриб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйган компаниялар бошидан ўтказган ҳикояларини айтиш билан уларни рағбатлантиришдан иборат. Бу лойиҳани Фридрих Науман фондининг «Эркинлик учун» кўмагида амалга оширмоқдамиз.

«Шоро» — 90-йилларнинг бошида асосланиб, шу бўйича иш фаолиятини, брендини ҳамда асосий маҳсулотини сақлаб қолган постсовет минтақасидаги кам сонли компаниялардан бири. Унинг тарихи халқ бойлигидир. 1992 йили Бишкекнинг «Дордой» бозорида Табилди ва Жумадил қирғизларнинг миллий ичимлиги бўлган максимни флягалаб сотган бўлса, ҳозир эса Бишкекда озиқ-овқат маҳсулотининг турли ассортиментини ишлаб чиқарувчи автоматлаштирилган иккита ва Ўшдаги бир заводга айланди.

Бугун Қирғизистонда бир неча бутилка чалап, максим, жарма ёки бўзасиз дўконни топиш қийин — улар йўқ бўлса, мазкур маркага тегишли минерал сув ёки квас турган бўлади. «Шоро»да мавсумга қараб 400 дан 1000 нафаргача одам ишлайди – улар орасида кун исигандан бошлаб Бишкекнинг гавжум кўчаларида челак билан муздек ичимлик сотаётган «Шоро эжалар» ҳам бор. Ака-укаларнинг бундан бошқа ҳам  кичик бизнеслари бор эканлиги маълум – «Супара» этно-мажмуаси ва «Кара-Булак» туристик лойиҳаси.

«Шоро» оилавий кичик ишдан, фабрика ишлаб чиқаришигача бўлган йўлни босиб ўтган. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

Бироқ Жумадил Эгермбердиев компаниянинг асосий эгаси, Табилди вафотидан кейин ҳам тўхтамади. У айғоқчи каби дунё бўйлаб саёҳат қилиб, қирғиз ичимликлигини сотиш учун янги бозорларни текшириб ҳамда ўз мамлакатида амалга оширилиши мумкин бўлган бизнес сирларини ўрганмоқда. Шунингдек, у Табилдининг компанияси ва оиласи ҳақида тугалланмаган китобини ҳам ёзиб тугатди. Кейинроқ ватандошлари ундан «Шоро»нинг ташкил топиши ва инқироз даврида Қирғизистондаги кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаган нарсани — қариндошларининг ишдан бўшатгани тўғрисида маълумот олишади.

«Пулни қоп билан ташиб, қалпоқгача солардик»

– Ҳар қандай бизнес бўлмасин – бу ғоя. Максим сотишни акангиз билан беш йил давомида орзу қилган экансизлар...

Сурат: Сергей Наумов «Клооп» учун

– Етти. Бу ғояни етти йил ўйлаб юрдик. 1992 йили «Дордой»да максим сота бошладик. 28 майда бозорга биринчи иккита флягани олиб келдик. Ва бу фикр эса 1985 йили хаёлга келган. Одамда ғалати ғоялар яралади, бизда ҳам шундай пайдо бўлган.

Ўша пайтда мамлакатда ҳеч қандай бизнес йўқ эди. Бўлгани Горбачевнинг қайта қуриш ҳаракати, ўзгаришлар цикли эндигина бошланган. Биз каби одамлар – шундай вақтни, бозорни эркинликни кутишган. Ўшанда мен 34 ёшда эдим. Бизнесни бошлаганимда эса мен 39, акам 41 ёшда эди. Биз ярим умр яшаганимиздан кейин бошладик.

– Неча сом билан иш бошлаган эдингиз?

– Пул кетгани йўқ. Бир-икки қоп арпани қозонда қовуриб, тегирмондан ўтказиш керак эди. Шундан сўнг, иккита фляга максимга 5-6 кг талқон ва сув керак бўлди. Уни қайнатиб флягага қуюб, ачитиб, сотиш керак эди. Бу билан пенсия ёшида шуғулланса бўлади. Бошқа ҳеч нарса керак эмас эди.

Ўша пайтда максимни қанчадан сотганимизни эслолмайман, лекин қиммат эди. Ўша пайтда рубль қадрсизланиб, жиддий инфляция бўлиб турган, шунинг учун пул чўнтакка сиғмай қолган. Уйга қопларда пул олиб келардик. Биз уни қалпоқнинг тагига, у ер-бу ерга ҳамма жойимизга солардик.

Онам кўриши билан: «Оҳ, яхши сотибсизларку!» деган эди. Унгача онам қарши бўлган эди. Нимага эканини билмайман?

Қирғизлар савдога йўқ, деган тушунча бор эди. Ўзбеклар сотаверишарди, қирғизлар учун бу «уят» эди.

Онамиз қишлоқда яшаган, биз ҳам тоғдан тушганмиз: Сусамирда улкан тоғли ерда туғилиб ўсганмиз. Биз: она, хавотир олманг, савдо-сотиқни ўзимиз ҳал қиламиз, десак, у «Уятку», деб қўярди.

Уни шаҳарга олиб келишга кўндириш учун икки йил ҳаракат қилдик. Қисқаси, зўрлик билан олиб келдик. Бу ерда, Арашан қишлоғидан уй сотиб олдик, ҳамма нарсани ўша ерда қилмоқчи бўлдик. Ҳовли ичида белкурак билан ер қазиб, учта тош қўйдикда, унга қозон осиб, тезак ёқиб, қайната бошладик. Битта қозон қайнатсак, иккита фляга чиқди, икки соатда сотилиб кетди.

— Бизнесингиз ишлай бошлаганини қачон тушундингиз?

— Дарҳол. Онам ҳам, биз ҳам қувондик. Бозордан соат учларда қайтдик, у ердан ўша пулга чўмич, ёғ, ун сотиб олдик. «Онажон, энди тўртта фляга максим қайнатамиз», дедик. Эртаси куни якшанба эди ва тўрт максимни худди ўшандай икки соатда сотиб юбордик.

Дордойдаги асосий мижозларимиз пул алмаштириб ишлайдиганлар эди. У ерга қозоғистонлик ва ўзбекистонликлар бари доллар алмаштиргани келишар эди. Кун иссиқ, ичимлик ичгингиз келади, яқин-атрофда кола сотадиган жой йўқ, улар ўша ердаги крандан сув ичишар экан. У ерда максим пайдо бўлгандан кейин, ўзимизнинг ичимлигимизга, билишади, ҳаммаси бизга навбатга туришди: руслар ҳам, татарлар ва ўзбеклар ҳам.

«Шоро»нинг заводига кириш қисмидаги Таабалди Эгембердиевга бағишлаб ўрнатилган скульптура композицияси. Унда ака-укаларнинг қозонда максим қайнатаётган онаси, Суюн опа ҳам акс эттирилган. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

Онамиз 60 ёшида ўзи қуриб, ўзи ясаб, кечаси билан ухламас эди. Ўша вақтда Дордой ҳафтасига икки кун ишларди холос. Кейинги ҳафтада олти фляга олиб келиб, сотиб юбордик. Кейингисида Дордойга ўн фляга олиб чиқдик — бир фляга сотилмай қолди. Нима қиламиз? Тўкиб юборсанг, увол.

«Кел, Ўш бозорига олиб бориб кўрамиз, у ерда ҳам одамлар бор-ку» дедик. Олиб бориб, ўрин олдик, у ерда ментлар тўсқинлик қилиб, муштлашув бошланди. Аммо шунга қарамай бир соатнинг ичида барини сотдик.

Кейин ўйландик: бу ерда бозор ҳар куни ишласа, Дордойнинг бизга нима кераги бор? Эртасигаёқ Ўш бозорга 12 фляга олиб келдик. Шундан кейин, 16, 20, 40 фляга бўлди. Кейин тоннани, кейин уч, тўрт, беш тонна бўлиб, тайёрлашга улгурмай қолдик.

—Тонналаб сотила бошлаганда ҳам уйда тайёрладингларми?

— Ҳа. Саккиз йил, 2000-йилгача уйда қайнатиб юрдик. Узунлиги 15 эни 8 метрлик ёғочдан тайёрланган цех очдим, у ерда 20 қозон бўларди. Кейин у ҳам етмай қолди [ўшандагина саноат ҳақида ўйлана бошладик]. Кейин максимимизни халққа олиб чиқишга қарор қилдик — дўкондаги расталарда кола, минерал сув, квас каби турсин дедик. Бизнинг доимо уйда ичган, онамнинг кунига тайёрлаган ичимлиги бозорда қўлда сотилаётгани ғуруримизга тегди.

— Ҳозир биз сотиб олаётган максим — айни онангиз тайёрлаганига ўхшашми?

— Ҳозир бошқача, технологияси билан рецептини доимо яхшилаб турамиз. Одамлар аввал максим учун арпани ўзлари элаб олишар эди — доннинг қобиғи билан ичган ҳолатлар ҳам бўларди. Кейин ҳар кимники турлича бўларди. Бошида биз ҳам арпа билан тайёрлай бошлаганмиз. Кейин буғдой қўшдик —яхши бўлди. Макка қўшиб кўрдик — ажойиб бўлди. Бир оз сули қўшдик — ундан ҳам яхши бўлди. Шундай қилиб, изланиб идеал таъмга эришдик.

Шаҳарда сотилган оқувчи сувдек муздек ичимлик

— Тўқсонинчи йиллар оғир давр эди. Бизнесингларни тортиб олиш ҳаракати бўлганми? Балки «ҳимоя қилиб берамиз» деганлар ҳам чиққандир? Ҳимоя учун кимгадир пул берган ҳолатлар бўлганми?

— Йўқ. У вақтда [криминалнинг] авторитети Риспек [2006 йили отиб ўлдирилган Акматбаев] эди. У Чолпон-Атага эсталик қураётганида биздан ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Ўшанда [ёрдам қатори] «Жигули» сотиб берганман — машинани кимгадир бермоқчи бўлган шекилли. Шундай қилиб, одамча ёрдам сўраб келди, биз ёрдам бердик. Ундан қилиб пул берган ҳолатлар бўлмаган. У айрим амалдорга қараганда одамларни яхши тушунар эди. Гапида турадиган одам эди.

— Ўзингизни биринчи марта қачон бой одам қатори ҳис қилдингиз?

— Моддий томонданми? Дарров, ортиқча пулимиз тезда пайдо бўлди. Аммо унинг барини қайта ишга сарфладик, ўзимиз эса ижарага олинган хонадонларда яшадик. Ўзимга 12 йилдан кейингина уй қурдим, акам ҳам.

Асосан бизнесда доимо пул етарсиз бўлади, шу сабабдан даромадни қайта сармояга сарфлаб туриш керак.

Агар машина ёки уй сотиб олиш учун ишласанг, бу тадбиркорлик эмас, шунчаки пул топиш. Бошидаёқ миллий озиқ-овқатни, қирғиз халқининг ҳаёт образини тарқатиш, илгари суриш бизнинг миссиямиз бўлган.

— Кредит олиб кўрганмисиз ёки даромад билангина ривожланиб келяпсизларми?

— Олиб кўрганмиз. 1995 йили немис фондида ускуна олиш учун 90 минг доллар кредит олдим, кейин «Қирғизистон» банкидан ишга керакли машиналарга деб кредит олдим. У вақтда устама фоизи 20дан ортиқ эди.

– Чиндан ҳам, ускуналарни қаердан топгансизлар? Бу дегани пиво эмас-ку — дунёда чалоп билан максим учун махсус ускуна ясаб чиқаришмайди-да.

— Бунга акам иккимиз Техника институтини битирганимиз ёрдам берди, иккимиз ҳам инженермиз. Шу сабабдан ўзимиз ўйлаб топиб, ясадик. Бу ердаги, Россиядаги заводлардан пастда: «қайнатма мешларни ясайсизларми? Нима қайнатмоқчи бўляпсизлар, квасми?» деб сўраганлар бўлди. «Йўқ, бу максим!» деб техник топшириқни қўйдик. «Аралаштиргичи шундай шаклда, қувури 70 мм бўлиши керак. Чунки сутга мослаштирилган 40 мм аралаштиргични максимга қўлланиб бўлмайди.  [Ундан ҳам қуюқ] бўза учун эса шундай сурдиргич қўйинглар», дедик.

Миллий ичимлик аввал қозонда қайнатилган бўлса, ҳозир йирик саноат кўламида тайёрланади. Аммо ундан хали ҳам қуритилган доннинг хиди келиб туради. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

Кейин қандай қилиб совутиш керак? Деган масала чиқди. Сут учун пластинка-пастеризатор қўлланилади, лекин қуюқ ичимлигимиз унинг юпқа ёриқларидан ўтмайди.

Кейин оқар сувда совута бошладик. Биз Аламедин дарёси бўйида уй сотиб олдик ва 50 мм қувурнинг иссиқ ичимликдан ўтадиган қисмини дарё олдига қўйдик. Иссиқ ичимлик қувур орқали помпаланса, дарёнинг юзаси одатдагидек буғланади. Ичимлик 50 метрли қувурдан иссиқ чиқди. Биз уни яна 50 метрга узайтирдик – муздак бўлиб қолди. Кейин 15 метрни олиб ташлаганда ичимлик хамиртуруш қўшишга тайёр ҳолда, 36 даражада бўлди.

Шундай қилиб, тажриба билан технологияни бир йўлга қўйиб олдик. Асосан бизесда бўладими, ҳаётдами энг қиммат нарса — бу тажриба.

— Дарёнинг этагидаги уй — бари бир ўзинглар ясаган нарса-да. Ҳақиқий ишлаб чиқаришга қачон ўтдинглар?

– 2000 йили Бишкекдаги Сут заводини сотиб олганда ўтдик. Ўшанда қонун бўйича, давлат заводни сота олмас эди. Аммо сут ишлаб чиқарганлар янги заводга кўчиб, эскиси эса — цехлар ва беш гектар ер — шунчаки туриб, бузила бошлаган. Кейин акам прьемер-министрга бориб, сотишга рухсат беришга кўндириб келган.

[Заводни] 1 млн сомга сотиб олдик — ўша вақтда яхшигина пул эди, шу билан бирга арзон

Дарҳол таъмир ишларини бошлаб, ишлаб чиқаришни тўлиқ кўчириб кетдим. Бўлиб-бўлиб таъмирладик. Аввал максим чиқарувчи 500 квадрат метрлик цехни таъмирдан ўтказдик: қозонларни ўрнатиб, кўмир ёқилувчи мешларни пайвандладик, заводнинг скважинасидан музлатувчи тизим ясадик. Кейин офис таъмирланди — шундай қилиб бари йўлга қўйилди.

«Шоро»нинг максими билан бўзаси дарё орқали ўтувчи қувурда музлатилмай қолганига анча вақт бўлди. Ҳозир бунинг учун йирик сиғимдаги бир қатор металл ускуналар қўлланилади — улар миллий ичимликлар цехининг иккинчи қаватини тўлиқ эгаллаган. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

— Қирғизнинг миллий ичимлигини бундай кўламда сизларгача ҳеч ким қилмаган. Барқарор сифатга қандай эриша олдинглар?

— Технология билан менежментни йўлга қўйишга, одамларни ўқитиб, сифатни назорат қилиш тизимини тузишга 2006-2010-йиллар оралиғида эришдик. Бошида ичимликларни — максимни, кейин аралаш билан айронни — бутилкаларга қўл билан қуяр эдик. Жуда секин бўларди. Кейин украиналик мутахассисларни чақириб, қандай қилиб ишлашимизни, қандай ичимлик эканини кўрсатдик. Улар 2013 йили Украинада линия қилиб, олиб келиб ишга киргизиб, ўтказиб беришди. Ажойиб бўлди! Ўшандан бери ичимликлар автоматик турда қуйилади.

– Бундай ишлаб чиқариш учун махсус мутахассислар талаб қилинса керак? Улар кўп йилдан бери ишлашадими? Тез вақтда ишдан кетганлар йўқми?

— Мутахассислар 20 йилдан бери ишлашади. Ишдан кетганлар ҳам бор, аммо жуда кам. Асосан одамлар «Шоро»дан кетишни исташмайди.

«Шоро» компанияси бозорни қандай қилиб эгаллаган

— Сизлар ишлаб чиқарган маҳсулот деярлик барча дўконда бор. Ундан ташқари ҳар йили Бишкекнинг кўчаларига «Шоро сотган эжалар» чиқади. Бундай формат коммерция учун қанчалик муҳим? Ёки бу имиж учун қилинган нарсами?

— Биринчидан бу рамзийлик. Наврўз билан бирга «Шоро сотган эжалар» чиққанда, одамлар баҳор келганини тушунишади. Бу янги ичимлик, сотувчи опаларнинг жилмайиши. Бу нарса — одамлар учун қулайлик, ичимлик сотиб олиш учун махсус бир ерга излаб киришнинг хожати йўқ: маҳсулот харидорни излайди. Бу брендни тарқатиш: ҳар бир қиз «Шоро» деган ёзуви бор кийим кийиб юради. Кейин албатта, ичимликлар кўп кўламда сотилади.

— Уларни шундай, кўчанинг кесилишига, пиёдалар ўтувчи ерларга қандай қилиб жойлаштира олдинглар? Баъзан ҳеч ким тура олмаган, аммо «Шоро» турган ерлар бор.

— Бу бренднинг кучлилиги. Мени бошида итни қувгандек: бу ерга бўлмайди, бу нимаси, деб осмондан тушиб келгандек қувишарди. Ҳозир ҳукуматдагилар ўзлари, шу ерга қўйинглар, деб илтимос қилишади.

— «Шоро сотган эжалар» шаҳарнинг кўчаларига қайси йилдан бошлаб чиқа бошлашди?

— Биз бошиданоқ, 1992 йилдан бошлаб ичимлик кўчада сота бошлаганмиз. Биринчи йили Ўш бозорини эгалладик — шундай дейлик. Иккинчи йили — Аламудун билан Орто-Сай бозорларини эгалладик. Кейин майда бозорлар. Шундай қилиб бозор қўлимда бўлиб қолган. Гаплашиш керак бўлган, бутундай эпопия.

Яна қаерда сотсак бўлади, деб ўйландим. Кейин маълум бир ҳудудларда, кўчанинг чорраҳаларида сотиб кўришга қарор қилдим. Кейин одамлар кўп тўпланадиган, туман ИИБнинг, божхонанинг, Солиқ хизматининг ёнига қўяйлик, дедим. Аммо у ердагиларнинг бари: бўлмайди, бўлмайди, деб мени айнитишарди. Умуман бошқа гап йўқдек.

– Сотишга қандай қилиб рухсат олдинглар?

— Энди, куч билан, куч билан. Биз оёққа туриб, кейин мэрияга кирдик: қаранглар, ичимлик қайдай сотилмоқда, бу дегани ўзимизнинг миллий ичимлик ёрдам беринглар, дедик. Айрим амалдорлар: ажойиб, келинглар, туман ҳокимиятининг ёнида туриб сотинглар, биз ичамиз дейишди.

Бир йилдан кейин божхоначилар, туман ИИБнинг ходимлари, солиқ хизматидагилар «байке, бизнинг ишхонани ёнига қўйинглар, деб» ўзлари сўрай бошлашди. Шундан кейин (қўли билан ичимлик ичаётган тур кўрсатиб) ишимиз юриша бошлади.

Учинчи йили бари биздан миннатдор бўла бошлади. Кўплаган офислар, Молия вазирлиги — ҳаммаси ўзи биносининг ёнидан ичгиси келади, узоққа боргиси келмайди. Шунда биз чорраҳаларга чиқа бошладик.

Мен керакли одам бўлиб қолдим. Менга «Байке, буюртма билан бизнинг ёнимизга қўйинг», деб мурожаат қила бошлашди. Мен эса «у ерда ўтмайди», деб жавоб бера бошладим. Мен бир жойдан камида 50 литр сотишим керак, дейдиган бўлдим. Улар эса: биз савдо бўлишига ёрдам берамиз, кеч уйга ҳам олиб кетамиз, деб [кўндиришди].

— Бу йил қуйиб сотилган литр максимнинг нархи 90 сомга чиқди. Нимага нархни бунчалик кўтардинглар?

— Бу ўзи қизиқ савол экан. Максим коладан қимматроқ сотилиши керак шунга розимисиз? 15 йилдан бери максимнинг литрини 10 сомдан сотдик — бу бир стакан чойнинг нархи! Шунда мен 26 миллион доллар тоза даромадни йўқотдим. Сабаби бошида [эл кўниши учун] арзон сотамиз, деган ғоямиз бор эди. Шундай усул билан сотдик… 10 йилдан ортиқ даромад топмай ишладим. Зарарга учрадим.

— Бироқ шундай бўлса ҳам, Бишкекдаги сут заводини сотиб олдингиз…

— Ҳа, сотиб олдик — буларнинг бари майда нарсалар. [Бизнес] яхши ривожланиши керак. Эътибор бериб қарасам, мавсум тугаганда қарзга ботиб қоляпман. Қиш бўйи зарар [кўрдим]. Совуқда ходимларни ишдан ҳайдаб юбора олмайман, улар ҳам қишда оила бошқиши керак.

Мен молиячи эмас, акам ҳам молячимас. Бизга пул бермаслик керак, биз пулни бошқара олмаймиз. Аммо бизда молиячи директор (финдир), бухгалтерия ва иқтисодчилар бор. 12-13 йилдан кейин нарх сиёсатини ўзгартириш кераклигини тушундим. Шундай топшириқ бердим: болалар келинглар, нархни қайта кўриб чиқамиз. Бир стакан учун нархни икки сомдан уч сомгача кўтарамиз. Шундай деб таътилга чиқиб кетдим: операция бўлдим, соғлигимга эътибор қаратдим.

Бугунги кунда «Шоро»ни ишлаб чиқариш тўлиқ автоматлаштирилган. Айрим цехларда умуман одам йўқ. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

Кейинги йили келсам, стаканини ҳам икки сомдан сотишяпти. Бир стакан чойнинг нархи эса 10 сом. Тез орада чора кўриш керак эди: мен зудлик билан уч сомга кўтардим. Шундай бўлиб кетаверди. Энди эса ривожланяпмиз.

— Бироқ бир литрни 90 сомга сотилиши кимларгадир қимматда. Бу нарса сотувга қандай таъсир қилди?

— Жуда яхши, савдонинг миқдори ошди. Янада ўсади.

«Шоро» Coca-Cola’дан яхшироқ ўсиши керак. Pepsi’дан, ароқдан, бирор бир пиво ёки квасдан ҳам юқори туриши керак. Олдинда бўлишимиз керак.

— Бироқ рақибларингиз ҳам бор, уларнинг чалапи яхшироқ-ку…

— Ҳа, бироқ уларники яхши сотилмай, туриб қолмоқда. Кеча Жалга дизайнерга бордим, мактабнинг ёнида рақиблар билан «Шоро» турибди. 15 ёшдаги болалар тўпланиб туришибди. Чиқиб қарасам, бирорта ҳам бўш стакани қолмабди, [чиқинди челагида] ҳам йўқ, идишлари ҳам тугабди. Тахминан тушки соат иккиларда эди. Мени қизим пулни санашга етишади холос... рақобатчиларимиз турган жойга турса, сотолмай қолишади — бу маълумот бизга маълум. Шу сабаб улар [биз турган жойлардан] қочишади.

«Қандай бизнес бўлмасин, қариндошлардан қўрқинглар»

— Бизнес бошлаганингизда ҳақиқат умуман бошқача бўлган. Ҳа, хавфли, банк тизими, суғурта ривожланмаган вақт. Аммо ҳозиргидай кўплаган санитар, солиқ бўйича ва бошқа чекловлар йўқ. Вақт замонида саёҳат қилгандай тасаввур қилинг: 1992 йилдан 2023 йилга тушиб қолдингиз дейлик. «Шоро» деган компания йўқ, ҳеч ким максим, чалап қилиб сотмайди. Бугун шу муваффақиятингизни тарорлай олармидингиз?

— Албатта. Керак бўлса бундан ҳам яхши қилардим, сабаби унда биз тобланмаган бўламиз. Билимимиз, тажрибамиз йўқ. Ҳозир бизнес учун қанчалаган қуроллар бор! Қанча имкониятлар!

—  Ҳа, аммо бугун уйингиздаги қозонда ярма қайнатиб сотишга, ичимликни дарёга олиб бориб совутишга рухсат беришмаса керак.

— Ҳозир бўлса дарров кичик цех очардик.

— Бироқ бу тўғридан-тўғри инвестиция. Ҳозир бир флягани бозорда сотиб, пули билан ишлаб чиқариш бошлаб бўлмайди.

— Энди камида тонналик [цех] қилардим.

— Кредит олармидингиз?

— Ҳа, озроқ насия олардим. Бунга ҳам кўп нарсани кераги йўқ. Бошида 1-2 тонна етарди, албатта, ҳар бир даврни камчилиги ва афзаллиги бор. Ҳозирги замоннинг албатта, қийинчиликлари ҳам йўқ эмас.

— Ҳозир бозорга чиқишнинг нархи ҳам юқори-ку?

— Ҳа, унда ичимлик йўқ, бозор умуман бўш бўлган, яхши имконият бўлибди. Ҳозир бу назарда қараш қийин — рақобат дегандай. Бироқ агар бозорда бундай ичимлик йўқ бўлса [ҳозир ҳам кирса бўлади].

Албатта, бугун мен турганда бу тармоққа аралашиш оғир. Керак бўлса, иш янги бошланган 2-3 йилда қанча фирма бозорга чиқишга ҳаракат қилди, деб ўйлайсиз? Бир неча компания, пулдор одамлар шу каби нарсаларни қилиб кўришди. Кўп нарса қилишди. Олмаотада, бошқа бозорда иш бошлашди, аммо бир ой ёки бир ҳафтадан кейин ёпилиб қолишди: маҳсулотлари сотилмай қолган.

— Нимага?

— Сабаби бренд-да. «Шоро» бренди 1993-1995 йиллари тузилган. Кейин албатта, сифат.

— Бир вақтда «Шоро»нинг ичидаги трайбализм — худудий кланлар ва қариндошларнинг чуқур ўрин эгаллаб қолиши билан курашаётганингизни айтган эдингиз. Аммо бу нарса Қирғизистондаги кўп бизнес учун нормал ҳолат. Бу борада ёш тадбиркорларга қандай маслаҳат берасиз?

— Барига «қайси бизнес, қандай иш бўлмасин қариндошлардан қўрқинглар», деб айтардим. Сабаби пул билан ҳукумат, таъсир бўлган жойда талаш бўлади. Албатта, қариндошлар бир мақсадни, миссияни жамоатдаги маданиятни бир хил қабул қилишса ишлаша олишади. Бироқ бу нарсани яқин одамлар доим ҳам тушунишмайди. Айримлари: “Энди мен шефнинг қудасиман, нима қила оласан?» дейиши мумкин. Шу сабаб барини, керак бўлса «Шоро сотган аёлларни» ҳам рақобат асосида қабул қиламиз.

Айрим линияларда можаро кучли бўлгани учун қулоқчинсиз кириш мумкин эмас. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

— Уларни қандай танлаб оласизлар?

— Оддий критерийлар бор. Камида ўн йил билим олган бўлиши керак. Тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Рус тилини ҳам билиш талаб қилинади. Одамнинг шахсий сифатлари, табиатан можаролардан олис бўлиши керак, сабаби «мижоз доим ҳақ». Ҳамма жойда талаб бор, депутатларнинг қўнғироғи билан ҳеч ким ишга олинмайди.

Олдин, онам, акам, янгам, қўшним, депутат дўсти илтимос қиларди. Кейин келишмовчилик юзага келарди: Мен бу ерда олти йилдан бери ишлайман, бу одам эса янги келиб, ёғли жойга ўтириб олди деб. Компаниянинг ичида олдин уч мафия бор эди: Таласники, Сусамирники ва Иссиқкўлники… Бири ўринбосаримга, иккинчиси молия директорига, бошқаси эса сотув бўйича бош менеджерга бўйсунарди.

Кейин акам иккимиз ўтириб келишдик: онамиз, аёлларимиз кадр сиёсатига аралашмайди, одамларни аниқ критерий асосида ишга оламиз, дедик. Ўшандан кейин аёлимнинг, онамнинг қариндошларини — барини ишдан кетказа бошладим.

Оғир бўлди. Уйга келсам онам «нимага уни ишдан кетказиб юбординг?» дейди. Мен эса «Она, бўлди хавотир бўлмай ўтираверинг, акам иккимиз қарор қабул қилдик» дедим. Аёлимга «тинч юр, бу ёқдаги ишларга аралашма», деб огоҳлантирдим. Бўлмаса аёлим — бош технолог, муҳим одам! Кейин компанияни тўплаб «эртадан бошлаб ходимлар ҳусусий сифатлар ва мутахассислигига кўра танланади» деб эълон бердим.

— Қандай қилиб бундай қарорга келдинглар?

— Бунга беш йил сарфладим. Тренингларга қатнашдим, ёрдам сўрадим. Япониянинг Toyota ҳамда Matsushita Electric компанияларига қизиқиб, улар ишни қандай йўлга солишганини таҳлил қилдим. Matsushita’да бир марта бир соатнинг ичида барча директорни қандай қилиб ишдан ҳайдашганини айтиб беришди.

Шок бўлиб қолдим. 2005-2006-йиллари ўзимнинг ишлаб чиқариш, молия, сотув, логистика, транспорт бўйича директорларимни махсус Японияга олиб бордим. Қайтиб келдик, уч-тўрт кун ўтди — ҳаммаси жим. Уларни шаҳарнинг ташқарисига олиб чиқиб, «болалар нима деб ўйлайсизлар, нимани ўзгартирсак бўлади?» деб сўрадим, яна жим туришибди.

Сурат: Сергей Наумов «Клооп» учун

— Нимага сукут сақлашган?

– Чунки, кўрган, эшитган нарсалари ўзларидан ўзгаришни талаб қилар эди. Ўзларининг ёмон одатларидан бош тортишни, қандай хатолари бор эканини кўриб чиқиш каби нарсалар. Бу эса доимо оғир. Ислоҳотни ўшалардан бошлаш кераклигини тушундим. Шундай қилиб барини ишдан кетказдим. Кейин HR-директор янги одамларни, ёш ходимларни топа бошлади.

Бундай йўл билан ярим йилда менежментни тўлиғи билан янгиладим, етакчилар билан йирик бўлимларгача. Қўл остидаги ходимларга тегмадим: улар ёш боладек, доимо етакчиларнинг ҳаракатларига қарашади.

«Аччиқ ҳақиқатни бошдан ўтказдим»

— Ўзимиз кўп вақт ҳеч нарсани тушуна олмадик. Вақт бизни тарбиялади. Мен ҳозир «Биз “Шоро” империясини туздик, “Шоро” эса бизни тарбиялади» деган ном билан эсталиклар ёзяпман. Акам уни ёзишга улгурмай қолдим. Хотиралар бизни оиланинг ва компаниянинг ҳақиқий ҳаётда бўлган воқеаларига асосланади.

— Бир сафар «бу китоб “Шоро” компаниясининг ривожланишидаги аччиқ ҳақиқат ҳақида бўлади» деб айтган эдингиз. Нима учун аччиқ?

— Бу [китоб] одам бўлиш ва бизнес ҳақида. Бари оиланинг атрофида айланиб, оилавий доирадан корпоратив рамкага ўтган — бу энг мураккаб жараён бўлди.

Қаранг: Эр-хотинлар бизнес бошлаб, уч йилдан кейин ажрашиб кетишади. Чунки бизнес — пул ва таъсир кўрсатиш зонаси, бу ҳокимият. Қариндошлар ўртасида ҳам шундай.

Ака-укалар бирга бизнес қилишганини кўриб турасизми? Мана масалан, акам иккимизнинг ўртамизда ҳам кўп нарса бўлиб ўтди, аммо ҳозир улар ҳақида ёзишга эрта.

Аччиқ ҳақиқатни бошдан ўтказдим. Бошида — Эгембердиевлар оиласини қуриш. Ҳозир отам ҳақида ёзяпман: нима учун отам икки хотин олган, Табилди иккимиз қандай туғилганмиз, қандай қилиб кўчиб яшаганмиз, қандай қилиб етим қолганмиз... Компаниямизни тузгунга қадар кўплаган эволюция босқичларидан ўтганмиз.

Жамоатчилик шу ҳақиқатни билишини истайман. Бизнинг жамиятда, одатда, ҳақиқат айтилмайди. Бизда қўш стандартлик бор, ҳақиқатнинг бир тарафинигина айтамиз.Трибунадан бир нарсани айтамиз, бошқани қиламиз.

— Бизнесингизни ижтимоий томондан масъул деб айта оласизми?

— Жуда [масъулиятли]. Биринчи навбатда биз ота-боболаримизнинг одатини тарқатмоқдамиз. Ўзимизнинг ичимликларни тайёрлаш урфи йўқолиб бораётганди, биз уни қайта жонлантириб, тарқатмоқдамиз. Бизнинг миссиямиз шу. «Супара» [этно-маданий комплекси] ҳам шундай. «Кара-Булак» [сайёҳлик лойиҳаси] — у ҳам, бу тоғ туризми, экология, табиатга эътибор қаратиш, философия.

Иккинчидан, иш ўринларини тузмоқдамиз. Солиқ тўлаймиз. Биз учун минглаган гектар буғдой, макка эккан фермерларга иш берамиз. Мен болаларга, етим болаларга, спортчиларга ёрдам бераман.

Кимларга ёрдам бермадик, дейсиз! Ҳоким келади — унга берасан, пенсионер келади — унга, мактаб ўқувчилари келади — уларга берасан. Бош торта олмайсан, ноқулай. Охирида «қандай қилиб ишлашимиз керак?» деб ўйланасан. (Кулиб)

Компания ишлаб чиқарган маҳсулотнинг сифати заводдаги уч лабораторияда текширилади. Сурат: Дмитрий Мотинов / «Клооп»

— Ишдаги шароитлар ходимларни қаноатлантирадими? Уларнинг ўртача маоши қандай?

— Қаноатланишади, албатта. Бугунги кунда бизда 20 минг сомдан паст ойлик олганлар йўқ. Айримлари ундан ҳам кўпроқ олади. Хизмат ўрнига яраша.

— Бизнесингизни экологик томондан жавобгар деб айтсак бўладими?

— Албатта, биз табиий маҳсулот тайёрлаймиз-да. Доннинг бари баландлиги 2000 метрдан ортиқ бўлган Сусамирда ўстирилади, улар экологик томондан тоза. Сут ҳам тоғлу туманларники: Сўнкўл, Қўчқордан келади. Сузма билан қурутни ҳам ўша томондан оламиз. Бошқача айтганда бизнинг хом ашё экологик томондан тоза.

Қоғоздан тайёрланган стаканларни қўлланамиз, кейин уларни тўплаймиз. Мэрияга ёрдам бўлсин деб шаҳарнинг барча ерига урналарни ўрнатдим. Пластик бутилкаларимиз қайта ишлатишга ярайди. Улар тўпланиб, мойланиб Хитойга қайта ишлатишга жўнатилади.

«Йўқ нарсани кўра билиш»

— «Шоро»нинг қисқа муддатли мақсади қандай?

— Бишкекни ичимлик билан таъминлаш: сотиш йилдан йилга ўсмоқда. Ҳар йили ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун бир қанча миллионларни реинвестиция қиламан. Бироқ бу Қирғизистонда ишлаган менежерларимнинг иши. Мен эса компаниянинг таъсисчиси қатори, технологияни экспорт қилиш билан шуғулланиб, бозорларни таҳлил қиламан. Дунё кезиб, уларнинг табиатини, менталитети, маданияти, нима ичишларини кузатаман. Махфий айғоқчи каби юраман.

Ҳозир Ўзбекистонга завод очишни режалаштиряпман, ундан кейин Покистонга чиқиш. Ўзбеклар чалопни яхши кўришади, таъм диди бизники каби. Бу бизнинг ичимлик деб айтишади. Мен рози бўламан: сизники, сизники (деб куламиз). Покистонда эса айнан бизники каби ярмани ичишади. У ердаги бир ярим миллиардлик бозор умр бўйи етарли бўлади.

Европага, Америкага чиқишни таклиф қилганлар бор. Бироқ бунга жуда катта сармоя қилинади. Мана ҳозиргина учрашувда бўлдим: Америкадан қирғиз бола учиб келди. «Ака, у ёқда бозор яхши, келинг у ерга бўзани ва бошқа маҳсулотни олиб борамиз» дейди. Мен «ҳеч нарса тўламайман, аммо сизларнинг пулга тайёр ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёрман» дедим (кулиб).

— Ҳозир Москвада «Шоро»ни қирғизистонлик ватандошлар сотиб олишмоқда. Бироқ менинг фикримча, москваликлар ҳам маза қилиб ичишган бўларди. Айниқса ҳозир, сут маҳсулотларини ишлаб чиқарган ғарбнинг брендлари мамлакатдан чиқиб кетаётганда, масалан Danone. Халқ таъмини тотиб кўриши учун супермаркетларга киргизишни истамадингизми?

— Москванинг супермаркетларида маълум бир муаммолар бор. У ерга кириш учун кўп пул керак, савдонинг кўлами эса ўта кам. Ичимликлар етиб боргунча бузилиб кетади. Сақлаш муддати ўта қисқа, чунки табиий ичимлик. Муддати ўтиб кетганлари орқага қайтарилади — даромад олиб келмайди.

Россиянинг бозорига кириш учун ичимлик 3-4 кунда истеъмолчининг қўлига тегадиган қилиб у ерда завод очиш керак. Биз уни ҳам режалаштирганмиз, чунки Россия биз учун яхши бозор. Ҳозирги вазият тартибга солинса, кирамиз. Вақти келганда у ерда ҳам иш бошлаймиз.

— Қирғизистонда озиқ-овқат борасида янги бизнес бошлаётганларнинг ташқи бозорга чиқишга имконияти борми, нима деб ўйлайсиз?

— Албатта, бор. Яхши тадбиркор учун тўсқинлик йўқ, айниқса бугунги кунда. Аммо одам ижодкор бўлиши керак. Бундай одамлар эса кам. Яқинда бир форумда нутқ қиладиган бўляпман, 2000 киши қатнашади. Уларнинг орасидан 2,5% киши бизнесмен бўлиб чиқса, ўша ҳам яхши.

Одам ўзи ичидан ким эканини тушуниб, шунга кўра иш қилиши керак. Бу ерда икки диплом, олтин медаль, кўп пул ҳам ёрдам бера олади. Йўқ нарсани кўра билиш лозим. Ким бўлишни истайсан, нимани қилгинг келади, ўша нарсани англаш зарур. Агар шунчаки пул топгинг келса натижа бўлмайди. Ғоя керак. У амалга ошадиган бўлсин. Бўлмайдиган ғоялар амалга ошмайди.