Тўқмоқ шаҳар мэри Урмат Самаев икки ойга қамоққа олинган

122

19 апрелда Бишкекнинг Октябрь туман суди Тўқмоқ шаҳар мэри Урмат Самаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади. Бу ҳақда туман судининг матбуот хизмати билдирди.

Суд қарорига кўра, у 2023 йил 1 июнига қадар МХДҚнинг ТИЗОсида қамоқда бўлади.

Самаев 17 апрелда қўлга олинган. МХДҚ уни, «Тўқмоқ иссиқлик» муниципал ишхонасида коррупцион схемани уюштиришга алоқадор деб гумон қилмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг маълумотига кўра, дастлабки келтирилган зарар 130 миллион сомдан ортиқ суммани ташкил қилади.

Самаев ўз айбига иқрор бўлмаган ва унга нисбатан очилган ишни «сиёсий иш» деб ҳисоблаган.

Парламентнинг собиқ депутати, «Чемпион» лақаби билан машҳур Урмат Самаев 2021 йили 26 августда Тўқмоқ шаҳар мэри бўлиб сайланган. У 2012-2015 йилгача Тўқмоқ шаҳар Кенгаши депутати бўлган.