Садир Жапаров: Президент фонди икки банкдан 150 млн сом олди

113

Қирғизистоннинг икки банки Президент фондига ҳомийлик ёрдамини кўрсатди. Бу ҳақда Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида айтди.

Унинг айтишича, президентнинг икки фонди бор. Бири бюджет пулига давлат лойиҳаларини амалга оширишга — мактаб, бола боғча ёки ҳарбий техника олиш учун фойдаланилади. Иккинчи фонд ҳомийлар ҳисобидан иборат.

«Ҳомийлик фондимдан эса қайси ишларни битириш керак эканини ўзим билиб бўлиб бераман. Яқинда Жумабек Салимбеков “Бай түшүм” банки номидан 50 миллион сом ҳомийлик қилган. Шу пул билан Норин шаҳрининг йўлларини бошладим. Кеча [тадбиркор] Сергей Ибрагимов “Бакай” банки номидан 100 миллион сом ҳомийлик қилди», — деди Жапаров.

Ибрагимов биринчи марта бундай суммани ўз истаги билан ўтказмаяпти. 2021 йилнинг майида МХДҚдан у давлат ғазнасига 100 млн сом ўтказганини билдиришган.

Жапаров берган интервьюсида президентнинг икки фонди борлигини айтди. Бироқ қонун бўйича Президентнинг фақат биргина фонди бўлиши керак ва унинг манбалари қуйидагилар бўлади:

  • Республика бюджетининг тасдиқланган ҳаражатларининг 1%дан кўп бўлмаган бюджет маблағлари (Президент фондидаги суммани ҳисобга олмаганда);
  • Коррупция ишларидан қайтарилган пуллар;
  • Қонунга қарши бўлмаган бошқа манбалар.

Шунингдек, қонунда Фонддаги маблағ қаерга сарфланиши кераклиги, аммо маблағнинг йўналиши ҳақидаги қарорни фақат президент қабул қилиши аниқ ёзилган.

Очиқ манбалардаги ва президентнинг матбуот хизматининг маълумотига кўра, Садир Жапаров 2022 йили пулни футболга, қийналган оилаларнинг болаларига ва Улуғ ватан уруши фаҳрийларига ёрдам беришга сарфлаган.

2022 йили Президент фонди республика бюджетидан рекорд суммани — 2 млрд 80 млн сом олган. Бу маълумотни «Клооп»га Молия вазирлигидан тасдиқлашди.

Бунгача қонунда Президент фондининг миқдори республика бюджетидан тасдиқланган ҳаражатидан 0,02%дан ошмаслиги кераклиги аниқ ёзилган.

2021 йилнинг декабрида Жогорку Кенешнинг олтинчи чақирилишининг депутатлари Бюджет кодексига тузатишларни қабул қилиб, Президент фондининг миқдори кўпайтирилган. Энди республика бюджетининг тасдиқланган харажатларидан 1%дан ортиқ бюджет маблағлари келиб тушади.