Ўш: Ўқувчиларнинг атирдан заҳарланиши бўйича экспертиза тайинланди

128
Иллюстратив сурат

Ўш шаҳрида ўқувчиларнинг атирдан заҳарланиши бўйича экспертиза тайинланиб, тергов жараёнлари бошланди. Бу ҳақда парламентнинг 18 апрелдаги йиғилишида ички ишлар вазири ўринбосари Нурбек Абдиев маълум қилди.

«Бозордан сотиб олган экан. Ҳозир улар бизга, Қирғизистонга қайси давлатлардан, қандай қилиб келгани, таркибида қандай заҳарли моддалар борлигини аниқлаш бўйича тергов амаллари олиб борилмоқда», — деб билдирди Абдиев.

У тергов натижалари билан қўшимча маълумот берилишига ваъда берди.

14 апрелда Ўш шаҳридаги №8 мактаб-гимназиясининг 6-синфнинг уч ўқувчиси атирдан заҳарланиб, шифохонага тушган. Мактаб директори Зулфия Кадирова ўқувчилар «ўзлари ишлатган атирдан сепиб, ўйнаётганда заҳарланган бўлиши мумкин», деб билдирган.

Ўқувчиларнинг бири жонлантириш бўлимига ётқизилган, қолган иккитаси эса шифокорлар назоратидан сўнг уйига қайтган.

Худди шундай воқеа, 29 мартда Ўш вилояти Қорасув туманидаги №101 Кумар Момбекова номидаги ўрта мактабида ҳам содир бўлган. У ерда 18 нафар 6-синф ўқувчиси атир ҳидидан заҳарланиб, шифохонага шифокорлар назоратига олинган.

Заҳарланиш сабабини аниқлаш учун зарур таҳлиллар белгиланди.

Муаллиф: Нураида Рахманова