«Ювилмаган, чиқиндидан овқатланади». Қирғиз давлат циркида жониворлар қаровсиз қолгани айтилмоқда

157
Асланайим Ашированинг видеосидан скриншот

Абубакир Изибаев номидаги қирғиз давлат циркининг артисти Асланайим Аширалиева 10 апрелда муассасадаги жониворлар қаровсиз қолганини айтди. Циркнинг директори Фархад Бекманбетов 14 апрелда «Клооп»га бу маълумотни рад этиб, Ашировани провокатор деб атаб, жониворларга ғамхўрлик қилинаётганини айтди.

«Ҳар доим оч, кир»

Асланайим Аширова

Қирғиз давлат циркининг артисти ва каскадёри Асланайим Аширова 10 апрелда ижтимоий тармоққа жуни тўкилган икки туя чиқинди титаётган видео жойлади. Унинг айтишича, етакчи жониворларни Маданият вазири циркнинг ҳолатини кўриш учун текширишга келишдан «бир неча кун олдин сотиб олиб, спорт зални оқлаб, бўяй бошлашган».

«Раҳбарлик билан бухгалтерия йиғинларда “артистлар уч йилдан бери намойишларга чиқмагани учун махсус ҳисоб бўш” деган сабабни айтишган. Бироқ бунинг бари маданият вазирининг ҳузуридаги “кўрсатув” эканини баримиз тушундик… Мен жониворларни қарамай қўйишларини билардим. Натижада видеода кўриниб турганидай, жониворлар қаровсиз, доим оч, ювилмаган, баъзан ҳовлида оч юриб, озуқа излаб, чиқинди идишдан овқат ейишади», — деб билдирди Аширова.

Аширова жониворлар «циркнинг ҳовлисида доим қаровсиз юриб, бу ердан ўтган ходимлар билан артистларга ҳужум қилиши мумкинлигини» таъкидлади. Шунингдек, у циркнинг директори ҳайвон ўргатувчи сифатида «ҳеч қандай билими йўқ, ўзининг яқин дўстини тайинлаганини» қўшимча қилди.

«У ишга келмайди, кўп вақт маст бўлади. Жониворлар циркда азоб тортишмоқда. Мен циркнинг артистлари билан ходимларига директорнинг муомаласини айтмасам ҳам бўлади. Мана қирғиз циркининг даражаси!» — деди у.

Бундан ташқари, Аширова бунгача циркнинг директори муассасанинг ҳовлисида кўпкарига чиқадиган ўзига тегишли отларни боқтирганини билдирди.

Аида Акматова

Мазкур маълумотни 14 апрелда «Клооп»га циркнинг собиқ бадиий раҳбари, гимнаст ва ёйчи Аида Акматова ҳам тасдиқлади. У шогирдлари билан жониворлар юрган ҳовли орқали машғулот залига ўтишда қувлаб, чиқолмай қолган вақтлар кўп бўлганини айтди.

«“Тулаяпти” деб жавоб беришади, аммо тулаганда бир касаллиги бордай туламайдида. [...] Хавфсизлик техникаси бўйича ўргатилмаган жониворларни бундай бўш қўйиб, қарамай кетиб қолиш бўлмайди. У томонда чиқиндилар бор, ўша томонга бориб чиқинди еб юришибди, балки бирор нарса еб ўлиб қолсачи? Шу туяларга жуда ачинаман», — деди Акматова.

Шунингдек, у бу жониворларни кичиклигидан бошлаб ўргатиш кераклигини таъкидлади. Аммо унинг айтишича, уларни қараётган «ўргатувчи ўзи тажрибасиз бўлгани сабаб жониворлар кўрсатувда ўйнашни ўргангунча юдаб ўлиб қолиши мумкин».

«Буларни кўриб ачиниб, айтяпмиз. Ҳар бир нарса босқич билан қилиниши керак. Бизники эса — каша. Вазирлар келишади деганда туя олиб, у ёқ-бу ёғини тозалаб, оқлаб, бўяб югуриб қолишади. Шу циркимизга ва раҳбаримизга яхшилаб эътибор бериб, муаммоларимизни ҳал қилиб беришса яхши бўларди. Циркка, артистларга жон куйдирмаган одам ҳеч қачон ишлаб кетолмайди деб ўйлайман. Циркни тижоратга айлантириб олишади», — деб сўзини якунлади артист.

Директор нима дейди?

Фархад Бекманбетов

Қирғиз давлат циркининг директори Фархад Бекманбетов 14 апрелда «Клооп»га муассасанинг жониворлари қаровсиз, оч қоляпти, деган маълумотни инкор қилди. У «цирк артистларининг таклифи билан яқин орада циркка 580 минг сомга икки туя, топознинг икки боласини, пони ва маймун олинганини» айтди.

Бекманбетов жониворларга «маълум миқдорда овқат берилиб, тегишли ветеринар шифокор томонидан назорат қилинаётганини» таъкидлади.

«Бояги интернетга чиқариб жар солаётган [Асланайим] Аширова дегани бўйича, энди ҳозир баҳор, қишдаги жунларини ташаяпти, яқин орада ветеринарлар қарашади. Табиат [қонуни] шундай экан, ҳозир тулаяпти, шу сабаб номерларга ҳам чиқмади. Қолган йилқи, топознинг болалари, понилар яхши ишлашяпти», — деб билдирди Бекманбетов.

Циркнинг директори «жониворлар сақланадиган жойни тозалаб, қуригунча бир соат давомида муассаса ҳовлисига чиқарилади, бу ерга бола-чақа киритилмайди», деб ишонтирди. Шунингдек, у ижтимоий тармоққа жойланган билдируви бўйича Ашировани «провокатор» деб атади.

«Булар энди кечгача бир жойда қамалиб тураверса бўлмайди. [...] Бориб, бирор нарса қилса, албатта [ҳужум қилади]. Бироқ провокация қилиб суратларни атайлаб чиқариш — бу қизнинг [Асланайим Ашированинг] қўлидан келади. Ўзи эса тўрт йилдан бери бирорта ҳам номер кўрсатмади, шундай провокаторлар кўп, буларнинг ҳаммасига эътибор бераверсак, иш қилолмаймиз. Ҳар бир коллективда шундай бекорчи, паразитлар бўлар экан, нима қиламиз энди?» — деди у.

Шунингдек, Бекмантов кўпкарига чиқадиган ўзига тегишли отларни боқтириб келган, деган маълумотни «туҳмат» деб атади. Унинг айтишича, давлат циркида «кўп ишлар бажариляпти», бироқ бунинг натижасини интернетга ёзаверишни маъқул кўрмайди.

«Қирғиз цирки тузилганига деярлик 50 йил бўлди, шундан бери капитал таъмирдан ўтмаган. Бунинг учун давлатдан 250 млн сом атрофида пул керак. Ҳозир бюджетда пул йўқ, ўтган йили [ходимларнинг] маошини кўтарганмиз. Худога шукур. Энди таъмирлашга пул ажратилса яхши бўлади», — деб таъкидлади циркнинг директори.

«Жониворларга озодлик»

Жанар Акаев

Қирғиз циркидаги муҳокама фонида 12 апрелда депутат Жанар Акаев Қирғизистондаги «ҳайвонот боғларини ёпишни ва жониворларни циркдаги ўйинларга иштирок этишини тақиқлашни» таклиф қилган.

У Қоракўл билан Ўшнинг ҳайвонот боғида боқилаётган жониворларни табиий муҳитга қўйиб юбориш кераклигини айтди.

«Жониворларнинг аҳволи жуда ачинарли. Улар учун [зоопарк] — турма, хўрлик, зўравонлик. Шунинг учун нимага биз уларни ушлаб туришимиз керак? Ҳозир мана 45 давлатда ҳайвонот боғлари ёпилди, кўчма цирклар ҳам ёпиляпти. [...] Бу ерда ҳеч қандай инсонийлик белгилари йўқ. Жониворларнинг ҳаммасини озод қилиш керак», — деган халқ вакили.

Муҳокама якунида парламент бу лойиҳани муҳим эмаслиги сабаб рад этган.

Қирғиз цирки атрофидаги можаролар

Қирғиз давлат цирки. Сурат: open.kg

Қирғиз давлат циркида раҳбар билан меҳнат жамоаси ўртасида келишмовчиликлар олдин ҳам бўлган.

2018 йилнинг 20 декабрида Маданият вазирлиги циркнинг собиқ директори Кубаничбек Исанаевни ишдан бўшатган. Унга артистларни Исанаев «циркнинг обрўсига путур етказмоқда» деб арзланишгани, бош прокуратура билан Ҳисоб палатаси «кўплаган қонунбузарликларни топгани» сабаб бўлган.

Дастлаб циркнинг янги директорлик хизматига гимнаст Аида Акматова, бундан ташқари, халқ балетмейстери Зарилбек Молдобакиров ва Светлана [Асланайим] Ашировалар номзодини кўрсатишган. Кейинчалик уларга Фархад Бекмамбетов ҳам қўшилган.

Аида Акматованинг тарафдорлари 21 январь куни Оқ уй олдида митингга чиқиб, артистлар ҳукуматдан гимнастни циркнинг директорлигига тайинлашни талаб қилишган. Аммо Акматованинг номзодини артистларнинг ҳаммаси ҳам қўллашган эмас.

Қирғиз цирки 1962 йили тузилса, унинг Бишкек шаҳридаги биноси 1976 йили фойдаланишга топширилган. Бу ерда 130га яқин одам ишлайди, улардан 40га яқин ижодкорлар.