ИИВ: 1 килограммдан ортиқ мефедронни тарқатишда гумон қилинган фуқаро қўлга олинди

128

Бишкек шаҳрида 1 килограмм 194 грамм мефедрон психотроп моддасини тарқатган фуқаро қўлга олиниб, ТИЗО-1 га киргизилди. Бу ҳақда 18 апрелда Ички ишлар вазирлигидан билдиришди.

Маълумотларга кўра, жиноят содир этишда гумон қилинган 22 ёшли шахс, яширган жойидан ҳар бири 0,5 литрлик  4 елим бутилкадаги психотроп моддаларни олиб, BMW русумли автомашинада қочишга уринган вақтда қўлга олинган.

Сурат: ИИВ

«Жиноят содир этишда ва ушбу миқдордаги психотроп моддаларни сотишда гумонланувчининг ноқонуний даромади 6 миллион 567 минг сомни ташкил этган, шунингдек, кўрилган чоралар 7164 дозадан ортиқ синтетик гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланишининг олдини олган», — дейилади билдирувда.

Мазкур ҳолат юзасидан «Гиёҳванд воситаларини, психотроп моддаларни ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш» моддаси асосида жиноят иши қўзғалган.

Ҳозирда ушбу жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, жорий йилнинг 13 апрелида Ўш шаҳрида синтетик гиёҳванд моддаларни тарқатувчи йирик канал ёпилиб, 19 ва 20 ёшли болалар гумондор сифатида ҳибсга олинган. Улардан 3 килограммдан ортиқ наркотик моддаси олиниб, гумонланувчилар Ўш шаҳар ИИБнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилган.

Муаллиф: Бекмирза Урустамов