«Жиноятни яшириш тўхтатилди» — Аширхожаев болаларга нисбатан зўравонликнинг ўсиши ҳақида

151

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Эркебек Аширхожаев 17 апрель куни парламентнинг ижтимоий сиёсат бўйича қўмита йиғилишида, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликларнинг сони 20-25 фоизга ошганини маълум қилди.

Аширхожаев қайси вақт оралиғи ҳақида сўз бўлаётганига аниқлик киритмаган, аммо зўравонлик ҳолатлари кўпайганини, илгари бундай ҳолатлар ошкор қилинмагани билан изоҳлаган.

«Буларнинг барчасини сабаби, мен биринчи навбатда айтар эдим, жамиятда очиқ муҳокама бўлиб [бўлаётгани билан боғлиқ]. Илгарилари бўлса, қадим замонларда, ҳатто 5-6 йил олдин ҳам бундай жиноятлар бўлса “уят” деб ота-оналар ўзлари яширинча [юрган]. Бундай жиноятлар кўп ошкор этилмаган, кўп мурожаат қилинмаган. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолган. Ҳозир бўлса, жамиятда қизғин муҳокама бўлиб, бу муаммо экани ҳар бир инсонга, ҳар бир оилага етиб, аввалгидай жиноятни яшириш тўхтаб қолди, жабрланувчиларнинг ўзлари томонидан. Шунинг учун ҳозир бизда кўплаб фактлар рўйхатга олинмоқда», — деди у.

Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот идоралари болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини текширишга алоҳида эътибор қаратаётганини қўшимча қилди.

Қирғизистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик муаммоси кўп йиллардан бери долзарб бўлиб келган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатимизда болаларга нисбатан зўравонлик факти бўйича 438 та жиноят иши қўзғатилган. Шу билан бирга, ИИВ раҳбари Улан Ниёзбеков, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан-йилга ортаётганини айтган.