Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган навбатдаги интервьюсида Тожикистон билан чегара масаласининг ҳал қилиниши ҳақида айтиб берди.
Жапаров чегара масаласида «ўзгаришлар борлигини» айтиб, бироқ «жуда секин бўлаётганини» тан олди.
«Агар икки томоннинг ҳам манфаатини ҳисобга олиб икки томон ҳам чегара чизиқларини чизишга рози бўлса, участкаларда бир ойгина иш қолди. Аммо афсуски, қўшнилар яхши бораётган бир вақтда айрим участкаларга келганда бу ерни 1924 йил харитаси билан ҳал қилайлик деган таклифларини киргизиб қўйишмоқда. Шунинг учун масала тўхтаб қолмоқда. Аслида 1924 йилги харита билан ҳал қилайлик деган таклиф ҳуқуқий ва маънавий томондан ҳам тўғри келмайди. Чунки 1924 йили улар ҳам, биз ҳам алоҳида давлат эмас эдик», — деди Жапаров.
У агар икки томон ҳам рози бўлиб, шу харита билан ҳал қиламиз деса, унда чегара участкаларининг барини қайтадан кўриб чиқиб, барча чегара участкаларини 1924 йил харитаси билан ҳал қилиш керак бўлишини қўшимча қилди.
«Ўша вақтда икки томон ҳам рози бўлиб, ишлар жадал бораётганидан, майга қадар ҳал қилиб бўламиз деб тахмин қилганман. Афсуски, тугата олмадик», — деб билдирди президент.
2022-йилнинг ноябрида Жапаров Қирғизистон Тожикистон билан чегара масаласини 2023-йилгача ҳал қилишни ният қилаётганини айтган. Бироқ бундай бўлгани йўқ.
Қирғизистон билан Тожикистоннинг давлат чегарасидаги баҳсли участкаларнинг масаласи бир неча йилдан бери ҳал қилинмай келади. Шу сабаб икки давлатнинг ўртасидаги чегарада бот-бот жанжал ёки можаролар чиқиб туради.
2022-йили қирғиз-тожик чегарасида 14-17-сентябрда тўлиқ кўламли қуролли тўқнашув бўлган. Қирғизистоннинг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишма оқибатидан 63 киши қурбон бўлиб, 206 киши жабрланган.
Тожик ҳукумати эса тўқнашувда 41 тожик фуқароси вафот этиб, 20дан ортиқ кишиси жабрланганини таъкидлаган. Бироқ «Озоди Радиоси» ҳусусий манбаларига таяниб, вафот этганларнинг сони 81 киши эканини ёзган.
Баткендаги қуролли тўқнашувнинг оқибатида 417 уй вайрон бўлган.