Прокурор: Ўтган йили 80 нафар милицияга нисбатан иш қўзғатилиб, етти нафари озодликдан маҳрум қилинган

2022 йилда Ички ишлар вазирлигида фаолият юритаётган 80 нафар милиция ходимига нисбатан 65 та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда 12 апрелда Жогорку Кенеш йиғилишида бош прокурор Курманкул Зулушев маълум қилди.

У қўзғатилган жиноят иши доирасида етти нафар ходимга нисбатан қамоқ жазоси тайинланиб, саккиз нафарига эса пробация назорати қўлланилганини таъкидлади. 26 нафар ходим эса жаримага тортилган бўлса, 29 нафари оқланди, 10 нафари эса тергов муддати тугаганлиги сабабли қисқартирилди.

Зулушев ўтган йили Бош прокуратура ходимлари иштирок этган 11 та жиноят иши кўриб чиқилганини таъкидлади. Унинг айтишича, бир ходимга нисбатан қамоқ жазоси тайинланган, икки нафари жаримага тортилган, олти нафари эса оқланган. Бир иш эса терговга қайтарилди.

«Бу жиноятларнинг барчаси нафақат 2022 йилдагилар эмас, балки орасида аввал ҳам қўзғалган ишлар бор. Булар бўлса бу йил натижалари эълон қилинганлар», — деди Зулушев прокуратуранинг ходимларига нисбатан қўзғатилган ишлар ҳақида маълумот берар экан.

Ўтган йили милиция ходимлари товламачилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва зўравонлик каби бир қанча жиноятларда айбланиб, айримлари қамоққа олинган. Қўчқор ва Сузоқ туманларида милиция ходимларининг жиноий гуруҳ аъзоларини яширгани жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди ва бир гуруҳ ходимлар жазоланди.

Айни пайтда икки йил аввал Айзада Канатбекованинг ўлдирилишига милициянинг эҳтиётсизлиги билан боғлиқ иш ҳалигача судгача етиб келмаётгани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Аммо, ИИВ тутумида бир феномен бор – шов-шувли ишлардан сўнг ишдан бўшатилган ёки хизматдан четлатилган милиция ходимлари янги лавозимга тайинланиб, ҳеч нарса бўлмагандек ўз фаолиятини давом эттираверади.