9 апрелда блогер Улукбек Карибек ўғли Ўш шаҳридаги «Мирзалим» сомсахонасида санитар нормалар бузилганини аниқлаган видео эълон қилди. Қорасув туман санитар-эпидемиология назорат бошқармаси 11 апрелда «Клооп»га мазкур овқатланиш жойи вақтинча таъмирлаш мақсадида ёпилганини билдирди.
Нима бўлди?
Карибек ўғли эълон қилган видео лавҳада жамоат овқатланиш жойининг тозалиги талабга жавоб бермаганини ва овқат тайёрлашда санитар қоидаларга амал қилинмаганини кўриш мумкин.
Шунингдек, сомса тайёрловчи фаршнинг ичига губка қўйилгани маълум бўлди. Ошхонада ўзини ошпаз деб таништирган кишининг айтишича, бу восита «гўштнинг сувини тортишда фойдаланилади».
Ўзини овқатланиш жойининг эгаси деб таништирган Илхом исмли киши блогернинг «санитар-эпидемиология назорат хизмати келганми?» деган саволига «доим келиб туришади» деб жавоб берди.
«“Таъмирдан чиқар” деб айтишади, бир ҳафта олдин огоҳлантириш берилди. [Таъмирни] энди бугун бошладик», — деб билдирди у.
Блогер охирида тегишли санитар-эпидемиология назорат хизматига мурожаат қилиб, текширишни, чора кўришни талаб қилди. Шунингдек, у текширув натижасида қандай чора кўрилишини кўрсатишини ҳам ваъда қилди.
«Минглаган одамларга чой бериб, минглаган одамлар овқатланаётган жойнинг аҳволи шундай. Бунга ким эътибор бериши керак эди? Ўшнинг, Қорасувнинг санитар-эпидемиология назорат хизмати қаерга қараяпти? Нимага реакция қилиб, текширишмайди? Қанча ёш болалар овқатланяпти бу ерда. [...] Бундай кўриниш бўлмайди, ҳолатни яхшилаш керак», — деди Карибек уулу.
Қорасув туман санитар-эпидемиология назоратининг жавоби
Қорасув туман касалликларни олдини олиш ва санитар-эпидемиология назорат марказининг бош шифокори Маккамбай Даминов 11 апрелда «Клооп»га «Мирзалим» кафеси таъмирлаш учун вақтинча ёпилганини билдирди.
Даминов видеодаги ўзини кафенинг эгасиман деб таништирган кишининг «бир ҳафта олдин текширгани келишган» деган гапини рад этиб, режали текширув бир йилда бир марта рухсат қоғози асосида ўтказилишини билдирди.
Шунингдек, у тадбиркорларни қўллаш мақсадида қабул қилинган мораторий тугагандан кейин 2022 йил бошида текширув ўтказилиб, кафега таъмирлаш ва санитар нормаларни сақлаш бўйича таклифлар берилганини айтди.
«Видеода кўрсатилаётган ҳолат қарамай қўйсанг пайдо бўлувчи нарса экан, тўғрими? Масалан, чойнакларнинг ичи, идишларнинг нотўғри ювилиши, сомсанинг [фарши] сувини мочалка билан оқизгани. Бу нотўғри, аслида уни мато билан тўсиб, сувини оқизиш керак. [...] Ҳозирда [кафеда] таъмирлаш ишлари бормоқда, энди септиклардан бошлаб ҳаммасини қурдирамиз, унгача очилмайди», — деди Даминов.
Ўтган йили 27 июнида «Не сахар» дастури Ўш шаҳридаги «Манас-Ата» кафесини текшириб, унинг санитар ҳолати талабга жавоб бермагани маълум бўлган. Кейинчалик кафе вақтинча ёпилиб, 41 минг сом жарима солинган.
Бундан ташқари, у ер тегишли ҳужжатларсиз ишлаётгани, шаҳар қуриш чекловларини бузиш билан қурилгани маълум бўлган.