ОАВ: Москванинг «Сахарово»сида муҳожирларни урушга жалб қилиш ишлари яна давом этмоқда.

193

Россиянинг «Сирена» нашри Москванинг «Сахарово» миграция марказида яна Украинадаги урушга муҳожирларни жалб қилиш ишлари давом этаётгани ҳақида ёзди. Бу ҳақда нашрга миграция марказида ишлайдиганлардан бири айтиб берган.

Нашрнинг маълумотга кўра, марказда ишлаган ходимларни «мигрантларга Россия армияси сафларида шартнома асосида хизмат қилиб келишга таклиф қилишга мажбурлашмоқда».

Сурат: «Сирена» нашри

«Мигрант меҳнат патентини олишга ҳужжат топширгани келганида ходимлар унга ҳарбий хизматга оид реклама буклетини бериб, шартнома имзолаш пунктига юбориши керак. Келишиб олганлар билан зудлик билан ўша жойида шартнома тузилади»,— деб ёзади нашр.

Марказнинг ходими бунга қадар уруш ташвиқоти оғзаки бўлиб келганини ҳам қўшимча қилди. Муҳожир рози бўлган вақтда, унинг патент ҳақидаги мурожаати рози бўлган деган изоҳ билан билгиланиб, у билан алоқага чиқишар эди.

Россиянинг Украинага қарши урушидаги хизмат учун ойига 190 минг рубль миқдорида маош таклиф этилади. Шунингдек, хизмат қилгандан сўнг, турли хил ижтимоий имтиёзлар берилади. Бундан ташқари, урушда қатнашган мигрант Россия фуқаролигини имтиёзли шартларда ола олади.

Бироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғизистонликларнинг бошқа давлатлар сафида урушда қатнашгани учун жиноий жавобгарлик борлигини эслатиб келади.

ЧВК Вагнернинг тўрига тушган қирғизистонликлар

2022 йил сентябрида Россиядаги муҳожирларни Украинадаги урушда қатнашиш учун жалб қилинаётгани маълум бўлган. Шу билан бирга, бошқа мамлакатлар фуқаролари Россиянинг асосий армиясига эмас, балки «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига жалб қилинаётгани аниқланган. Бу компания бизнесмен Евгений Пригожинга тегишли, у Путиннинг ошпази сифатида ҳам танилган.

2023 йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, ЧВК Вагнер сафида камида беш нафар Қирғизистон фуқароси урушда ҳалок бўлгани маълум.

Россияда меҳнат муҳожирларидан ташқари, Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган Марказий Осиё фуқароларини ҳам ҳарбий хизматга тортиш жараёнлари маълум.

Охирги марта «Азаттиқ» бундай воқеа ҳақида хабар берган. Унда Россиянинг Украинага қарши урушида, Қирғизистоннинг 30 ёшли фуқароси Эрлан Эрмеков ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Россия армиясининг Украинага кенг кўламли ҳужуми 2022 йил 24 февралда бошланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 3 апрель ҳолати маълумотларига қараганда, уруш бошланган бир йилдан бери аҳоли орасидан 22 607 киши ҳалок бўлган.