МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Чуй вилоятининг Октябрь қишлоғида болалари билан чодирда яшаётган Айзада Абдуллаевага уй қуриб беришни ваъда қилди. Бу ҳақда 8 апрелда «Регион» телеканалининг директори Откурбек Рахманов билдирди.
Бунгача Bulak.kg нашри, Абдуллаева уйи йўқ бўлгани учун беш боласи билан чодирда яшашга мажбурлиги ҳақида материал эълон қилган. Унда қишлоқ турғунлари аёлга ёрдам беришни сўрашган.
Рахманов материал эълон қилингандан сўнг Ташиев Октябрь қишлоғига бориб, Абдуллаева билан учрашганини билдирди. Унинг айтишича, Ташиев аёлга барча шароити бор уй қуриб беришни ваъда қилган.
«Энди тез орада Абдуллаевага бу қишлоқдан ер берилади. [...] Буюрса, яқин орада оила ўзининг шахсий уйига эга бўлади. Унгача ҳам Ташиев томонидан тегишли ёрдам берилади», — деди Рахманов.
Камчибек Ташиев ҳукуматга келгандан бери муҳтожларга ўз маблағи эвазига ёрдам беради. Бу ҳақдаги сурат, видеолар кўпроқ ўзининг «Регион» телеканалидан берилади.
Ўтган йилнинг мартида Ташиев Сузоқ туманининг Барпи қишлоғида буйрак касаллигидан жабрланган Гулжан Абдиразак қизига уй қуриб бергани айтилган. Маблағ манбаси номаълумлигича қолган.
Ташиев июль ойида Сузоқ туманидаги Барпи қишлоқ ҳукуматининг Улгу қишлоғида яшаган ёлғиз аёлга уй қуриб берган. Бунда ҳам маблағ манбаси номаълум бўлган.
Ноябрь ойида Ташиев оиласининг ҳисобидан Жалолободдаги тўрт кўчага асфальт ётқизиб берган. Бунгача маҳаллийлар томонидан кўчага Ташиевнинг отаси — Кидирша Ташиевнинг номи берилган.
Декабрда эса Ташиев лейкоз билан оғриган Дайирбек Маматкалиевнинг даволанишига моддий ёрдам беришни ваъда қилган. Аммо МХДҚдан боланинг даволанишига қанча сом берилиши ва маблағ қаердан олинишини маълум эмас.