Президент Садир Жапаров Бишкекдаги имом Сарахсий номидаги марказий масжидга бориб, ифторлик қилди. Бу ҳақда 8 март куни кечда унинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев фейсбук саҳифасига ёзди.
У Жапаровни намозга қатнашиб, йиғилганлар олдида «қисқача» сўзлаб, уларни Рамазон ойи билан табриклаганини билдирди.
«Президент одамнинг руҳий ва ҳар томонлама покланишига имкон яратиб, сабр, чеклов каби қадриятлар юқори баҳоланган бу ўзгача вақт эканини таъкидлади. Мана шу принциплар одамларни бирлаштириб, меҳрли, сахий қилиб, кўп миллатли жамиятда тинчлик ва бирдамликни сақлашга ҳисса қўшади», — деб ёзди у.
Султанбаев давлат раҳбари «қирғиз халқининг барча яхши ниятлари амалга ошсин» деб тилак қилганини қўшимча қилди.
«У муқаддас ойда Қирғизистон халқи бажарган савоб ишлари кўпайиб, ҳузурини кўришини, оилада, жамиятда тинчлик ва дўстлик мустаҳкамланишини тилади», — деди президентнинг матбуот котиби.
Садир Жапаров бунга қадар ҳам расмий учрашув ёки сафарлардан ташқари ҳам халқ билан учрашган. У ўтган йилнинг январь ойида «ГУМ»га савдо қилгани бориб, харидорлар билан учрашиб, суратга тушган.
Унда Жапаровнинг савдо марказига бориши турли фикрларга сабаб бўлган — шу куни парламент Қозоғистондаги тартибсизликларга боғлиқ навбатдан ташқари йиғинга тўпланиши керак эди. Қирғиз аскарлари КХШТнинг қарорига кўра ҚОзоғистонга юбориладими йўқми деган савол қаралиши керак эди.
Ўша йилнинг февраль ойида Жапаров «Ош» ва «Дордой» бозорига бориб, аҳоли билан учрашган. У савдогарлардан назорат-касса машиналари ҳақидаги фикрини эшитгани айтилган. Бироқ халқ кўплигидан президентга арз-шикоятларини айтолмай қолганлар кўп бўлгани маълум қилинган.