Жогорку Кенеш депутатлари 5 апрелдаги йиғинида давлат нафақа таъминоти ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда рад этишди. Уларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг ташаббусчилари депутатларнинг таклифларини киритишган эмас.
«Бу қонунни ўтганда қайта кўриб чиқишга борганмиз. Ҳеч нарсаси ўзгартирилмай қайта келибди. Сизлардан илтимос, овоз бериб яна қайтариш керак. Бу халққа қарши қонун. Шунча муҳокамани ҳам кераги йўқ. Шу ерда [муҳокамани] тўхтатайлик. Олти ойдан кейин келишсин», — деди депутат Балбак Тулобаев йиғинда.
Овоз бериш натижасида депутатлар қонун лойиҳасини рад этишди.
Қандай қонун лойиҳаси эди?
Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров томонидан таклиф қилинган резонансли қонун лойиҳаси 2022 йилнинг 14 декабрида парламентда биринчи ўқишда маъқулланган.
Ундаги таклифлардан бири — пенсия ёшини кўтариш бўлган. Қирғизистонда ҳозир аёллар 58, эркаклар эса 60 ёшдан нафақага чиқади.
Бироқ ҳукумат кучли танқидларга учрагандан кейин бюджетдаги пулни тежашнинг бошқа йўлларини ўйлаб топиб, бу ғоядан бош тортган. Масалан, ҳукумат минимал суғурта стажини 5 йилдан 20 йилгача оширишни кўзламоқда. Шунингдек, давлат хизматчиларининг нафақа базаси қисмини олиб ташлаш таклифи кўтарилган, аммо кейинчалик бу ташаббус ҳам фуқароларнинг манфаатини ҳимоя қилмагани учун рад этилган.