Ўшнинг вице-мери ҳамда мер маслаҳатчиси ўз хоҳиши билан хизматдан кетди

160
Жасур Азимов ва Муктарбек Зулпукаров. Сурат: Коллаж

Ўш шаҳар вице-мери Жасур Азимов ва мернинг маслаҳатчиси Муктарбек Зулпукаров ўз аризалари асосида ишдан бўшатилди. Бу ҳақда 5-апрелда мериянинг матбуот хизмати билдирди.

Ҳозирда бўш ўринларга кимлар тайинланиши бўйича маълумот берилмади.

Жасур Азимов

Жасур Азимов лавозимга 2018-йили тайинланган — у қурилиш ва муниципал мулк тармоғини бошқарган. Азимов вице-мер бўлган вақтда бир қанча баҳсли масалаларда номи тилга олинган.

Масалан, 2019-йили августда унга маст ҳолда машина бошқаргани учун 17,5 минг сом жарима солинган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Азимов сўкиниб, ичимлик ичганини тан олган ва «Тошкентдан келган меҳмонларга Лениннинг ҳайкалини кўрсатишни истаганини» билдирган.

2020-йилнинг ноябрида бош прокуратура Кенг-Сой массивидаги 25 гектар ер 2,5 миллион сомга баҳоланиб, хусусий ишхонага ноқонуний ўтказиб берилганини аниқлаган. Унда ер сотиш бўйича шартномани имзолаган Жасур Азимов мериянинг ҳаракати қонуний бўлган деб билдирган. Бу факт бўйича «Лавозим ваколатидан фойдаланиш» моддаси билан судгача текширув бошланган.

2021-йили «Т-Медиа» нашри «Вице-мер Азимов — миллионлик тендерларнинг ғолиби» номли суриштирувини чиқарган. Унда Азимов беш йилда 36,2 миллион сомлик тендерни ютгани аниқланган — унда Азимов ўқитувчи, депутат ва вице-мер бўлиб ишлаган.

Шунингдек, у 2021-йили апрелда натижаси бекор қилинган сайловга «Ата-Журт Кыргызстан» партиясида қатнашиб, сайловдан четлатилган.

Муктарбек Зулпукаров

«Т-Медиа» журналистлари ўтган йили Ўшнинг янги мери бўлган Бакитбек Жетигеновнинг маслаҳатчиси Муктарбек Зулпукаров ҳақидаги маълумотларни ўрганишган. У уюшган жиноий гуруҳнинг орасида «катта обрўга эга бўлгани» ва қувғиндаги президент Қурманбек Бакиевнинг укаси Акмат Бакиевнинг ўнг қўли эканлиги маълум бўлган.

2010-йилда у қидирувда экани ҳам айтилган. 2013-йилда эса унинг ўз ихтиёри билан полицияга таслим бўлгани ва ноқонуний қуролли гуруҳ ва оммавий тартибсизликлар уюштирган деган айб қўйилганлиги тўғрисида маълумотлар чиққан.

Журналистлар Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармасига боғланиб, ушбу маълумотга ойдинлик киритишган. Милициянинг матбуот хизмати Муктарбек Зулпукаров ҳақидаги саволга, «у милиция томонидан қўлга олиниб, иш тўлиқ ўрганилиб, судга юборилган», деб жавоб берган.